Онам “депорт” бўлиб келган кун - энг яхши куним. Фарзандингизнинг яхши кўрган кунини биласизми?

Ҳар бир инсоннинг ўзи ёқтирган куни бўлади ва у хотирасида яхши сақланиб қолади. Айнан шу кун унинг ҳаётида унутилмас лаҳзаларни ҳадя қилган бўлиши мумкин. Яна ким учундир фарзандли бўлган куни ёки таваллуд айёми, турли байрамлар энг яхши кун сифатида хотирасига муҳрланган. Аммо фарзандингизнинг энг яхши кунини биласизми?

Яқинда ўқувчиларимдан "Менинг энг яхши кўрган куним" мавзусида иншо олдим. Иншолар ичида 5-синф ўқувчисининг иши эътиборимни тортди.

"Онам чет элга кетишга тайёргарлик кўрди. Биз акам билан онамни кузатишга аэропортга бордик. Чунки юклари оғир эди. Онамни кузатиб, уйга келишимиз билан онам қўнғироқ қилиб тезда аэропортга етиб келишимизни тайинлади. Етиб борсак, онам юклари билан ташқарида турибди. Ҳайрон бўлиб, нима бўлганини сўрадик. “Депорт бўлибман. Энди кетолмайман, сизлар билан уйга қайтиб кетаман”, деди маъюс. Қовоғимни уйиб, ўзимни хафа бўлгандек тутдим. Лекин ичимда шунақа қувондим, шунақа хурсанд бўлиб кетдим. Ўша кундан бери онам биз билан бирга. Мен учун онам депорт бўлиб кетолмаган кун - энг яхши, бахтли кунимдир", деб иншосини якунлаган.

Ҳар бир боланинг ўз дунёси, ўз ҳақиқатлари бор. Аммо унинг қалбига ҳар доим ҳам қулоқ солмаймиз. Ўқувчиларнинг кўпчилигининг ота-онаси қариндошларига, бувиларига ташлаб четга ишлаш учун кетган. Тўғри, улар ҳам оиласининг, фарзандларининг келажаги, баркамол вояга етиши учун зарур шароитларни яратиш учун узоқда меҳнат қилмоқда. Фарзандим яхши билим олсин, олий таълим даргоҳларида ўқисин, дейди. Уларни ҳар томонлама кийим-кечак, замонавий техника воситалари билан таъминлаб қўйган. Лекин уларга меҳр юбора олмайди. Уларнинг қалбига қулоқ сололмайди.

Ўқувчилар орасида ҳам ота-онаси билан ўсаётган бола ажралиб туради. Уларда ирода, қатъият, ўзига бўлган ишонч бор. Бобо-момолари, қариндошлари билан ўсаётган болаларнинг кўнгли кемтик, юзида маҳзунлик мужассам. Дарсларга эътибори ҳам суст. Аслида айни улғайиш даврида фарзандга меҳр, эътибор керак. Балки, сиз билан ўтказган ҳар бир куни ҳаётининг энг яхши кунларидир.

Муниса ШАМСИЕВА.