Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оқдарёда аҳолига берилаётган маиший газ баллонларини тадбиркорларга сотаётган шахс ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, ИИБ ва “Ҳудудгазтаъминот” ходимлари билан олиб борилган тадбир давомида Оқдарё туманида суюлтирилган газ тўлдирилган маиший газ баллонларни ноқонуний равишда хусусий тадбиркорларга сотиш ҳолатига чек қўйилди.

Оқдарё тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган А.С. ўзининг бошқарувидаги “Бонго” русумли автомашинасида 55 дона 55 литрли, “стикер”лари мавжуд бўлган ва суюлтирилган газ тўлдирилган маиший газ баллонларини тумандаги ошхона ва кафеларга олиб кетаётганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилган.

А.С. бу газ баллонларни “Ҳудудгазтаъминот" корхонаси Оқдарё тумани бўлимидан 35 минг сўмдан сотиб олиб, ҳар бирини хусусий тадбиркорларга 70 минг сўмдан сотиш билан мунтазам шуғулланиб келгани, яшаш хонадонида ҳам 36 дона газ баллонларни сақлаб келганлиги аниқланган.

Текширув давомида А.С. “Тумангаз таъминоти" корхонаси туман бўлимидаги айрим ходимлар билан жиноий тил бириктириб, 91 дона маиший газ баллонларни ўзлаштириб юборганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда А.С.нинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.