Ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари учун 1 миллион дозадан ортиқ гриппга қарши вакцина етказиб берилади

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26 августдаги «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида мамлакатдаги барча мактабгача таълим, бошланғич, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ходимлари марказлашган тартибда гриппга қарши эмланиши белгиланган. Уларни эмлаш бўйича ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида айни кунларда ишлар давом этмоқда.

Қайд этилишича, «Дори-дармон» АЖ Россиянинг гриппга қарши вакцина ишлаб чиқарувчилари билан 1 миллион дозадан ортиқ гриппга қарши вакцинани харид қилиш бўйича шартнома тузган. Ҳозирда «Совигрипп» вакцинасининг 250 минг дозаси ҳудудларга етказиб берилган.

Бундан ташқари, 15 октябрга қадар 40 минг доза, 30 октябрга қадар 250 минг доза, ноябрь ойида эса 500 минг доза «Флю-М» вакцинасини етказиб бериш мўлжалланган.