Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шамоллаш нега оғир ўтяпти?

Каналимизда "Шу кунларда ўзингиз ёки оила аъзоларингиз гриппга чалиндими?" саволи билан сўровнома ўтказгандик. Иштирокчиларнинг 78 фоизи ўзи ёки оила аъзолари шу кунларда грипп касаллигини бошдан ўтказганини маълум қилди. Кейинги кунларда аҳоли орасида шамоллаш, грипп яна авж олди, ҳатто коронавирус яна қайталаяптими, деган саволлар ҳам пайдо бўлмоқда. Хўш, бу масалада мутахассислар нима дейди? Шамоллаш нега жуда оғир ўтмоқда? Шу саволлар билан вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази шифокорларига мурожаат қилдик.

- Куз-қиш ойлари кўпчилик шамоллаш ёки гриппдан азият чекади, - дейди вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази бўлим бошлиғи Абдували Ашулов. - Грипп ҳар доим тарқалиш тезлиги ва етарлича эътибор бўлмаганда, оғир асоратларга олиб келиши билан маълум бир муолажаларни талаб этадиган хасталик. Бунинг устига, коронавирус инфекцияси хавфи ҳар дақиқа эҳтиёт бўлиш, ўзини асрашни тақозо этмоқда. Дунё яқин йилларда касаллик аломатлари грипп билан қарийб бир хил, аммо асоратлари жуда оғир кечган коронавирус хасталигини бошидан ўтказди. Унинг асоратлари нечоғлик эканлиги бугунги кунда фанга номаълум. У инсон иммунитетига салбий таъсир кўрсатган ва қайсидир маънода организмни кучсизлантирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунинг учун нафақат куз-қиш ойларида, балки йил бўйи аҳоли ўз саломатлигига эътибор бериши, айниқса, организмнинг иммун тизимини ошириш учун муҳим бўлган амалларни бажариб бориши лозим. Бу эса асосий ўзгармайдиган қоидалар, яъни витаминли маҳсулотларни доимий равишда истеъмол қилиш, жисмоний машқларни канда қилмаслик ва бошқалар.

Афсуски, кейинги йилларда табиий маҳсулотларни истеъмол қилишдан тобора узоқлашиб боряпмиз. Дейлик, майиз қиммат деймизу, лекин ундан икки баравар қимматроқ, қолаверса, зарарли саноат ширинликлари билан дастурхонимизни тўлдирамиз. 30 дақиқа вақтимизни шунчаки сайр, пиёда юришга қизғанамизу, аммо соатлаб сериал томоша қилишни канда қилмаймиз. Ваҳоланки, организм шу каби амаллар билан чиниқтирилса, у шамоллашни ҳам енгил ўтказади. Коронавирус инсон организмига қандай таъсир ўтказгани ҳамон номаълум бўлган бир пайтда, биз саломатлигимизни шундай, ўз ҳолига ташлаб қўя олмаймиз. Акс ҳолда, оддий шамоллашни ҳам кучли укол-дорилар билан даволашга тўғри келмоқда. Ва бугун шундай бўляпти ҳам.

Шамоллаш касалликларидан етарли даражада даволанмаганда, оғир респиратор асоратлар ривожланиши ва ўпканинг сурункали касалликлари, масалан, пневмонияни кучайтириши мумкин.

Зотилжам (пневмония) ўпканинг ўткир ёки сурункали яллиғланиши касаллиги сирасига киради. Нафас олиш аъзолари хасталиклари ичида тез-тез учрайди, аксарият ҳолларда ўпка тўқималаридаги алвеола, оралиқ тўқима, майда капилляр қон томирлари яллиғланади. У бурун, томоқ, бронх касалликларининг иккиламчи асорати сифатида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Хасталик кўпроқ ёш болалар ва кексаларда учрайди, аммо бу бошқа ёшдагиларда кузатилмайди, дегани эмас. Бемор ўз вақтида, тўғри ва самарали даволанса, ундан асорат қолмайди. Агар ҳар хил баҳоналарни пеш қилиб, даволанишдан қочса ёки нотўғри даволанса, турли асоратлар юзага келади. Афсуски, ҳатто нимжон ва иммун тизими паст одамлар ҳалок бўлиши ҳам мумкин.

Вируслар, грипп, парагрипп, коронавирус ва бошқалар ҳам зотилжам касаллигига сабаб бўлиши мумкин. Бироқ зотилжам касаллигига 50-57 фоиз ҳолатларда пневмококклар сабаб бўлади. Ўткир респератор касалликлар, грипп ва коронавирус келтириб чиқарадиган зотилжам эса эпидемия, ҳатто пандемия сифатида авж олиши мумкин. Бу вазиятда аксарият ҳолатларда унга микроб қўшилади ва касаллик шу тариқа оғирлашади.

Шифокор агар касаллик чақирадиган инфекция манбаини яхши ва мукаммал билмас экан, у фақат дори-дармоннинг қули бўлиб қолаверади.

Ўткир зотилжам касаллиги ҳар қандай ёшдаги одамда кузатилади. Айниқса, совуқда юпун кийинадиган, зах ва елвизакда қолганлар кўп чалинади. Касаллик тўсатдан бошланиб, беморнинг ҳарорати 38-39 даражадан ошади, эти увишади, совқотади, қалтираб, кўп терлайди.

Дастлаб қуруқ, кейин балғамли нам йўтал бошланади. Бу даврда беморнинг кўкрак қафаси санчиб оғрийди. Нафаси қисилиб, ҳаво етишмаслик бошланади. Кўкрак атрофидаги оғриқ йўталганда ва нафас олганда кучаяди. Лаби, бурни ва қулоғи териси бироз кўкаради. Ҳатто оғиз ва бурни териси атрофига майда пуфакли тошма (учуқ) чиқади. Кўкрак қафасидаги оғриқ беморнинг бир зайлда нафас олишига йўл қўймайди. Бемор тез-тез, чала нафас олишга ҳаракат қилади. Ҳатто шиллиқ балғамга бироз қон қўшилиши мумкин. Ҳадеб йўталавериш унинг тинкасини қуритади.

Беморлар тана ҳарорати кўтарилганда уйда қолиши, кўп суюқлик ичиши, витамин ва оқсилларга бой овқатларни, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиши керак. Касалликнинг олдини олиш чора-тадбирлари аҳоли ва жамоатчилик кундалик ҳаётига кенг татбиқ этилиши лозим. Бунинг учун танани чиниқтириш, оқсил ва витаминларга бой овқатларни ўз вақтида истеъмол қилиши зарур. Томоқ, бурун ва бронхлардаги ҳар хил яллиғланиш касалликларининг олдини олиш, айниқса, ўткир бронхит ва зотилжамни ўз вақтида даволатиш, касалликни келтириб чиқарадиган омиллар, тамаки, нос чекиш, совуқ кунлари енгил-юпун юриш, музлаткичдан совитилган газли, шакарли суюқ ичимликларни ичиш ман қилинади.

Асосийси, гриппга чалинганда ҳам иложи борича шифокор маслаҳати асосида даволаниши лозим.