Ўқувчиларни мактабдан мактабга ўтказиш тартиби такомиллаштирилди

Ўзбекистонда ўқувчиларни мактабдан мактабга ўтказиш тартиби такомиллаштирилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи қабул қилинди.

Мазкур буйруқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1028-сон “Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Буйруқ нодавлат умумтаълим ташкилотидан ўқишини давлат умумтаълим муассасасига кўчиришга оид талабларни белгилаб беради.

Ҳужжатга кўра, нодавлат умумтаълим ташкилотидан ўқишини давлат умумтаълим муассасасига кўчирган ўқувчиларнинг ота-оналари ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директорига таълим олувчилар сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма, ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома ҳамда таълим олувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табелини тақдим этилиши назарда тутилади.