Ўқувчининг саводхонлиги она тили фани ўқитувчисига боғлиқми?
Кўп йиллардан буён қишлоқ мактабларидан бирида она тили фанидан дарс бериб келаман. Айрим пайтларда бир ҳолат мени қийнайди. Педагогик кенгашларда мактабимиз раҳбар-ходимлари туман йиғилишида қайсидир мактабда текшириш ўтказилгани, камчиликлар кўплигини билдиради. Муҳими, ўқувчилардан диктант олинганда уч-тўртта ўқувчи «4», тўрт-бешта ўқувчи «3», қолгани «2» баҳо олганлигини алоҳида таъкидлашади. Ажабланарлиси, педкенгашдаги барча ўқитувчлар шу онда менга бир қараб олишади. Гўёки, бундай ҳолат учун она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси айбдордек.
Йўқ, мен ўқувчиларнинг тилга оид билимлари саёзлиги, хусусан, саводхонлиги паст бўлишида она тили ўқитувчиси айбдор бўлмайди, дейишдан йироқман. Бироқ кишининг хат-саводи масаласида гап кетганда, у кенг қамровли тушунча эканлигини гоҳида унутиб қўймоқдамиз.
Айни шу хато ўй туфайли мактабимиз раҳбари бизнинг ўқувчилардан ҳам диктант олинса, ўша мактабдан «қолишмаслигимизни» таъкидлаб, бу камчиликни бартараф этишни менга алоҳида топшириқ сифатида беради. Бунинг учун ўқувчилардан диктант олишни, иншо ёздиришни аниқ қилиб айтади.
Албатта, топшириқ бажарилади ва мен ўқувчиларимнинг “ижоди”ни текшириб чиқаман. Табиийки, бундай биргина назорат билан ўқувчилар саводхонлигида айтарли ўзгариш бўлмайди.
Тажрибада синаб кўрганман, ёзма ишда «5» баҳо олган тўрт ёки беш нафар ўқувчи бўлса, уларнинг бири математикага, бошқаси биологияга, яна кимдир тарих фанига қизиқади. Табиийки, шу фанлардан яхши ўқийди ва турли кўрик-танловлар, тадбирларда қатнашади. Айтмоқчи бўлганим, бехато ёзадиган ўқувчиларнинг бир-иккитаси она тили ва адабиётга қизиқувчилар бўлади. Яъни, уларнинг “5” баҳо олишига мен, қолганларига математика, тарих ва биология фани ўқитувчилари сабабчи.
Демак, ўқувчиларимизнинг она тилимиздаги саводхонлиги паст бўлишида фақат она тили фани ўқитувчиси эмас, балки бошқа фан ўқитувчиларининг ҳам “ҳиссаси” катта. Билганим шуки, ўқувчини қайси фанга бўлмасин, билим олишга қизиқиб, қанча кўп китоб ўқиса, шундагина она тилимизда тўғри ва бехато ёзишга эришамиз.
Валижон ХУДОЙҚУЛОВ,
Жомбой тумани.