Ўрнатилаётган янги электр ҳисоблагичлар 10 йилда бир марта давлат қиёсловидан ўтказилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказиш бўйича маъмурий регламентлар тасдиқланди.
2019 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳисобга олиш ускуналарини қиёсловдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.
Қарорга кўра, ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги юридик шахслар учун – 4 йил, жисмоний шахслар учун – 8 йилни ташкил этиши белгиланган.
Мазкур регламент юридик ва жисмоний шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали электр энергиясини ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Бироқ мазкур регламент талаблари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ўрнатилаётган ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, ўлчов комплексларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Яъни айни пайтда ўрнатилаётган электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) тизимида ишловчи замонавий электр ҳисоблагичлар 8 йилда эмас, 10 йилда бир марта давлат қиёсловидан ўтказилади.
“Ҳудудий электр тармоқлари”АЖ матбуот хизмати.