"Отанг — маҳалла, онанг — маҳалла»: Самарқандда 1126 та маҳалла, уларда 6500 дан ортиқ “маҳалла еттилиги” ходимлари фаолият юритиб келмоқда

Вилоятимиздаги ҳар бир маҳалланинг муаммоларини ҳал етиш, қиёфасини тубдан янгилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолини рози қилиш йўлида устувор вазифаларни амалга оширилишини мақсад қилиб олганмиз.
Айниқса, маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, миграциядаги фуқаролар билан доимий ишлаш ҳамда “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳафтанинг шанба куни ҳашарлар уюштиряпти.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бугунги кунга қадар 1 миллион 842 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Жумладан, 25632 та камбағал оила хонадонида 184 минг 126 туп, 1807 нафар якка ёлғиз кексаларнинг хонадонида 10 тупдан кўчат экилди. Шунингдек, аҳоли хонадонлари ва кўчаларда гул ва узум-ток кўчатлари экиш ишлари бошланди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида оғир тоифадаги 101 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 323,2 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Ушбу маблағ ҳисобидан 87 маҳаллада аҳоли томорқасини суғориш тизими яхшиланади. Айни пайтда объектларда ер ҳамда бетон қопламаларини ўрнатиш бошланиб, 55 та объектда қудуқ бурғулаш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, электр таъминотини яхшилаш учун 87,2 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, 222 та трансформатор ўрнатиш, 494 километр электр тармоғи тортиш, ички хўжалик йўлларини таъмирлаш учун ажратилган 49,9 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 71,7 километр йўлларни асфальтлаш, 7,5 километр йўлларни шағаллаштириш, 31,9 километр пиёдалар йўлагини барпо етиш бўйича прогноз-режалари тасдиқланди.
Бундан ташқари, мазкур маҳаллаларда 2669 нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланди, 1043 нафар камбағал оила аъзоларига ижтимоий хизматлар кўрсатилиб, уларнинг 314 нафар фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига жойлаштирилди.
Шунингдек, тижорат банклари билан ҳамкорликда “Сайхунобод тажрибаси” асосида 121,3 млрд. сўмлик 9144 та микролойиҳа амалга оширилди ва 18 мингга яқин кишининг бандлиги таъминланди.
“Уйчи тажрибаси” асосида “мижозбай” ишлаш орқали 429 та доимий иш ўрни яратилди.
Оғир тоифадаги 101 та маҳаллага бириктирилган 25 та вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида режа-график асосида сайёр қабуллар ўтказиш йўлга қўйилди. 397 та маҳаллада аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди.
Хавфсиз муҳитни яратиш бўйича барча маҳаллаларда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “қизил” тоифага киритилган 498 та маҳаллага инсон юзини ва транспорт воситаларини таниб олувчи камера ва видеокузатув камераси ўрнатилди.
Шунингдек, муқаддам судланган ва маъмурий назоратдаги шахсларни ижтимоийлаштириш мақсадида, уларга 2204 нафар “маҳалла еттилиги” аъзолари, 1579 нафар кўчабоши ҳамда 1936 нафар нуроний вакиллари бириктирилди.
Миграциядан қайтиб келган 6901 нафар фуқародан 6545 нафарининг бандлиги таъминланди ҳамда 81 нафарига моддий, 356 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 январдаги ПФ-16-сон фармони 24-бандида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Наврўз умумҳалқ байрамига қадар “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” танловини ўтказиш белгиланган эди.
Вилоятимизда танлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилиб, маҳалла ва туман (шаҳар) босқичларида 654 нафар маҳалла раиси, 1321 нафар кўчабоши ва 2780 нафар хонадон эгалари иштирок этди. 18 март куни танловнинг вилоят босқичи ўтказилиб, уч йўналиш бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, республика босқичига йўлланма олди.
Наврўз байрами ва Маҳаллалар куни арафасида вилоятимиздаги маҳаллаларда 50 га яқин янги объектлар фойдаланишга топширилди ва маҳаллаларимизда байрам тадбирлари ўтказилди. Бу тадбирлар Рамазон ойида ўтказилаётгани туфайли меҳр-мурувват ва саховат ишлари билан уйғун тарзда олиб борилди. Хусусан, 946 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳамда 280 та ногиронлиги бор оилалар учун эҳсон ифторликлари ўтказилди.
Айни пайтда вилоятимиздаги барча маҳаллаларда шу йилнинг май-июль ойиларида ўтказиладиган фуқаролар йиғини сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Шерали Йўлдошев,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи.