Ўзбек аёлларини алдаб, хорижга фоҳишаликка жўнатган шахс қўлга олинди
Жиззах вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Жиззах шаҳри Халқобод маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган Х.Б. одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, Х.Б. Бирлашган араб амирликлари, Малайзия ва Таиландга мунтазам бориб, тунги клуб ва фоҳишахоналарга мамлакатимизда яшовчи аёлларни жўнатиш билан шуғулланган.
Чунончи, “Instagramm” тармоғида профил очиб, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро ва Жиззах вилоятида яшовчи хотин-қизларни Тошкент шаҳрида яшовчи шериги орқали чет элга жўнатган.
Аёллар хорижга боргач, Х.Б. уларнинг ҳар биридан 8 минг АҚШ доллари талаб қилган, бунга рози бўлмаганларни маҳаллий жиноятчиларга топшириб юбориш билан таҳдид қилган.
Жабрланувчилар чет тилини билмаганликлари, хориж қонунларидан бехабарликлари ҳамда қайтиш учун пуллари йўқлиги сабаб Х.Б.нинг шартларига кўнишган.
Айни вақтда айбланувчининг 20 нафар хотин-қиздан шу жирканч мақсадларда фойдаланганлиги аниқланди. Хусусан, Таиландга сотилган 12 нафар фуқаронинг шахси аниқланиб, 9 нафар жабрланувчидан аризалар олинган.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди.