Ўзбек тилшунослигининг улуғ дарғалари камол топган маскан

Тарихий илдизлари Мирзо Улуғбек олий мадрасасига бориб тақаладиган Самарқанд давлат университети ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида илму маърифатнинг бешигига айланди. Бу қутлуғ даргоҳда шаклланган илмий-педагогик мактаблар тайёрлаб берган юқори малакали мутахассис кадрлар турли йилларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий тараққаётига муносиб ҳисса қўшди.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида ўзбек тилшунослиги соҳасида ва малакали филологлар тайёрлашда улкан ҳисса қўшган, устоз-мураббийларни, Самарқанд тилшунослик мактаби вужудга келишида ва унинг тараққиётида муносиб из қолдирган зиёлиларни ёд этиш ҳамда уларнинг шонли фаолияти ҳақида тўхталишни жоиз деб билдик.

ХХ асрнинг йигирманчи йилларида Самарқанд давлат университети (у даврда Олий педагогика институти деб аталарди) таркибидаги ижтимоий фанлар факультетининг асосий бўлимларидан бири – тил ва адабиёт бўлимида ёшларга ўзбек филологиясига тегишли фанлардан билим бериш билан бирга ўзбек тилшунослиги, адабиётшунослик соҳаларида илмий тадқиқот ишлари ҳам самарали олиб борилган. Бунда А.Соколов, Э.Поливанов, А.Саъдий, А.Фитрат, Ғози Олим Юнусов, И.Пономарёв, С.Муталлибов каби олимларнинг хизмати катта бўлди.

Ўтган асрнинг 20-йиллари охири ва 30-йиллари бошида асосий эътибор саводсизликни тугатишга, маориф ва маданиятни ривожлантиришга қаратилганлиги сабабли 1927-1929 йилларда Самарқанд Олий педагогика институтида, 1929-1933 йилларда Ўзбекистон давлат педакадемиясида фаолият кўрсатган тилшунос олимлар ўзбек тилшунослигининг айрим назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлган муаммолари устида илмий тадқиқот олиб бордилар. Жумладан, Е.Д.Поливанов (1891-1938) ўзбек тили масалалари билан 1922 йилданоқ шуғуллана бошлаб, ўзбек тили имлоси, ёзувини лотинлаштириш ҳамда ўзбек тили фонетикаси, диалектологияси ва грамматикасига оид қатор илмий тадқиқотлар эълон қилди. Унинг қаламига мансуб бўлган «Ўзбек тилининг қисқа грамматикаси» (рус тилида, 1926), «Ўзбек диалектологияси ва ўзбек адабий тили» (рус тилида, 1933), «Ўзбек тили грамматикасидан материаллар» (рус тилида, 1935) каби асарлар қимматли бўлиб, бугунги кунда ҳам талабаларнинг севимли китоблари сирасига киради.

1927-1931 йилларда Самарқанддаги Ўзбекистон давлат педакадемиясида ўқитувчилик қилган Ғози Олим Юнусов (1893-1939) ёшларга тилшунослик фанларидан дарс бериш билан бирга, ўзбек тилига оид қатор илмий тадқиқотлар олиб борди. Унинг «Ўзбек тили» (1930), «Юридик терминлар луғати» (1933), «Ўзбек лаҳжалари таснифидан бир тажриба» (1936), «Ўзбек тили грамматикаси» (қўлёзма, 1936) каби асарлари шу илмий кузатишларнинг натижаси бўлди.

Айтиш ўринлики, ўзбек тилини илмий жиҳатдан ўрганишни Самарқандда бошлаб берган олимлардан яна бири Абдурауф Фитрат бўлди. Унинг «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба. Сарф. Биринчи китоб» (Самарқанд-Tошкент, 1930) номли асари илмий жиҳатдан қимматли.

1927-1930 йилларда Самарқанддаги Олий педагогика институтида ўқиб, 1930 йилдан шу институтда ўзбек тили ва адабиёти ўқитиш методикасидан дарс берган С.Муталлибов (1900-1979) Ўзбекистонда саводсизликни тугатиш, умумтаълим мактабларига она тили ва адабиётдан ўқитувчилар тайёрлаш ишига муҳим ҳисса қўшди. У яратган «Алифбе» 1929, 1930, 1931 йилларда қайта-қайта нашр қилинди. Унинг «Алифбе” ўқитувчиларига методик қўлланма»си ўз даврида халқ маорифига сезиларли фойда келтирди.

Ана шундай фидойи инсонлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор, Самарқанддаги ўзбек тилшунослиги мактаби асосчиси Улуғ Турсуновдир. У 1938 йилдан тилшунослик кафедрасига мудирлик қилди ва унинг етакчилигида ўзбек тилшунослигининг энг муҳим муаммолари бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилди. Жумладан, Улуғ Tурсунов ўзбек тилшунослари орасида биринчилардан бўлиб, 1941 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Кейинчалик ўтган асрнинг 40-йиллари охирида Ғ.Қодиров, А.Исломов, А.Сулаймонов, Х.Бердиёров каби тилшунос олимлар бу кафедрада самарали фаолият кўрсатди.

Ўзбек тилшунослиги кафедраси ўтган асрнинг 50-йилларида ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди ва кафедра қошидаги аспирантура орқали юқори малакали мутахассислар тайёрлашга катта эътибор берилди. Аспирантурани битириб, номзодлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган ёш тилшунос олимлардан Ғ.Абдураҳмонов, Ж.Мухторов, В.Эгамов, Ж.Ҳамдамов, Ф.Исҳоқов, Н.Ражабовлар шу йилларнинг маҳсули бўлди.

Қолаверса, ўтган асрнинг 60-70-йилларида тилшунослик кафедрасида T.Хўжаев, М.Мўминова, Н.Абдураҳмонов, Р.Қўнғуров, М.Ҳусаинов, М.Валиев, О.Исроилов, О.Амирова, М.Аҳмедов, О.Абдуллаева, Р.Миразизова, А.Холиқов, Х.Абдураҳмоновлар талабаларга дарс берди. Бу даврда республикамизнинг бошқа олий ўқув юртлари ва илмий-текшириш институтлари учун ҳам юқори малакали мутахассислар – фан номзодлари етиштириб беришга катта катта ҳисса қўшди. Жумладан, А.Абдуллаев, Р.Сайфуллаев, С.Равшанова, Ф.Убаева, Э.Ўрозов, Л.Абдуллаева, Ф.Исҳоқов, И.Зиёева, Х.Холиёров, Б.Эгамбердиев, T.Ўринов, Ҳ.Ҳамроев, А.Ҳазратқулов, Б.Ўринбоев, М.Tўйчиев, Ў.Носиров, И.Суяров, А.Дониёров, Б.Тўйчибоев, Б.Йўлдошев, Ё.Хўжамбердиев, М.Маҳматқулов, С.Аслиддиновлар шу даврда етишиб чиққан ёш олимлардир.

Албатта, уларнинг илмий камолотида кафедранинг етакчи олимлари У.Tурсунов, А.Сулаймонов, Ҳ.Бердиёров, Х.Дониёровларнинг хизмати катта бўлди. Шунингдек, 60-70-йилларда кафедра аъзолари томонидан 15 та тўплам нашр қилинди. У.Tурсунов ва Ж.Мухторов қаламига мансуб «Ҳозирги замон ўзбек тили» номли дарслик уч марта (1960, 1965, 1975 йилларда) чоп этилди.

Бундан ташқари, шу илмий мактаб вакиллари ўзбек тилшунослигининг турли йўналишларида тадқиқот ишларини олиб бориб, сезиларли натижаларни қўлга киритди. Масалан, Ж.Мухторов, Х.Дониёров, Б.Ўринбоев, Р.Қўнғуров, В.Эгамов, Н.Абдураҳмонов, Б.Йўлдошев, Н.Ражабов, T.Хўжаев, Ж.Ҳамдамов, Қ.Усмонов, С.Каримов, Ж.Элтазаров T.Раҳматов, Қ.Усмонов, З.Алиқулов, Э.Абдиев, T.Қурбонов, А.Абдусаидов, Х.Ахтамова, Н.Бегалиев, М.Рўзиқулова, М.Tўйчиев ва бошқа таниқли олимларнинг республика илмий жамоатчилигига манзур бўлган асарларини намуна қилиб кўрсатиш мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда кафедра илмий-педагогик кадрлари сафи тилшунос олимлар билан кенгайиб бормоқда. Жумладан, филология фанлари докторлари Ж.Элтазаров, А.Пардаев, Д.Ўринбоева, Х.Хайруллаев, доцентлар А.Ғаффоров, Р.Сувонова, Ш.Маҳмадиев, О.Юсупова, PhD олимлар С.Умирова, Ш.Нормўминов, Б.Холмухамедов каби ёш малакали ўқитувчилар тилшунослик соҳасига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Самарқанд давлат университетининг ўзбек тилшунослиги кафедрасида фаолият юритган олимлар шу кунга қадар машаққатли, лекин шарафли фаолият йўлини босиб ўтиб, талабаларга билим бериш, уларни ҳар томонлама билимдон, комил инсон, етук мутахассис қилиб тарбиялаш борасида улкан ишларни амалга ошириб келмоқда.

Азамат ПАРДАЕВ,

Шавкат МАҲМАДИЕВ,

СамДУ ўқитувчилари.