Ўзбекча ёзишга уяласизми?

Дугонам билан Самарқанд шаҳри кўчаларини айланганимизда савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари пешлавҳаларидаги ёзувлар, реклама ва эълонларнинг хориж тилларида ёзилгани эътиборимизни тортди.

“Coffee Time”, “Rayol Vills”, “Dreams house”, “Dostavka”, “Dobro pojalovat” ва шу каби сўзлар ўзбек адабий тили меъёрларига зид равишда ёзилган. Ёзувлар ичида энг каттаси “SALE UP TO 70% OFF!” деган ёзувнинг маъноси дугонамдан сўрадим. “Бу чегирма дегани, яъни маҳсулотлари 70 фоизгача арзонлаштирилган”, деб жавоб берди. Хўш, нега буни ўзбекча ёзишмаган?

«Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 20-моддасида «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин» дейилган. Афсуски, шаҳарда аксарият объектларни номлашда бунга амал қилинмаяпти.

2023 йилда ижтимоий тармоқларда ўзбек тилидаги контентнинг улуши бор-йўғи 15-20 фоизни ташкил қилган. Контент асосан рус ва инглиз тилларида тарқатилади. Бу ёшлар орасида ўзбек тилидаги мазмунли ахборот етишмаслиги ва натижада ўзбек тилига қизиқишнинг камайишига сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, хориждаги аксарият мамлакатларда ишлаш ёки ўқиш учун ўша давлат тилини билиш талаб этилади. Бизда-чи? Нега бундай амалиёт йўқ? Ўзимизда ишлайдиган ва таҳсил олувчи талабалар сони ҳам кам эмас.

Ўзбек тилини ривожлантириш, мавқеини ошириш учун, аввало, она тилимизни оилада, таълим муассасаларида ҳурмат қилишни ўрганишимиз, тилимизга янги сўз кириб келиши билан муқобил шаклини қўллашимиз ва луғатларга киритишимиз керак. Шунингдек, ўзбек тилини ўқитиш марказлари, ўзбекча таржима дастурлар жорий қилиш ва барча соҳаларга оид луғатлар чоп этиш лозим.

Сунбула АҲМАДОВА,

Мухлиса МИСИРОВА.