Ўзбекистон дунёнинг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олиши учун нима қилиш керак
Аввало, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажмининг ўртача йиллик ўсиш суръатлари уларникидан (бошқа ривожланаётган давлатларникидан ҳам) сезиларли даражада юқори бўлмоғи шарт. Акс ҳолда, аҳоли ҳаёт фаровонлигини тубдан ошириш, иқтисодий тараққиёт пойгасида пешқадамликни қўлга киритиш борасидаги натижа яхши бўлмайди.
Янги Ўзбекистонда ҳақиқий иқтисодий мўъжизаси яратиш учун ишлаб чиқариш эҳтиёжларида фойдаланиладиган замонавий, лекин қимматбаҳо машина ва жиҳозларнинг импортёридан босқичма-босқич уларнинг экспортёрига айланиш сиёсатини тутмоқ лозим. Бундай юксак марраларга эришишнинг асосий шарти – мамлакатда иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккурнинг долзарб муаммоларини замон талаби даражасига кўтаришдан иборат.
Иқтисодий тафаккур инсонни тараққиётнинг нечоғли юксак чўққиларига олиб чиқиши мумкинлиги хусусида жуда кўп тарихий далилларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Биринчи мисол
Адам Смит, Девид Рикардо, Жон Мейнард Кейнс, Алфред Маршалл, Ёзеф Шумпетер, Милтон Фридман каби машҳур иқтисодчилар, юксак, иқтисодий тафаккур соҳиблари эдилар. Афсуски, уларнинг иқтисодий тафаккури, ноёб истеъдоди туфайли ихтиро этилган иқтисодий қонунларнинг, назария ва илғор ғояларнинг кишилик жамияти тараққиётига, уни бойитишга қўшган ҳиссасини ҳисоблаб чиқишнинг ва рақамларда ифода этишнинг иложи йўқ. Масалан, кишилик жамияти оламга машҳур буюк иқтисодчи Кейнснинг доно маслаҳатлари ва илмий тавсияларига таянган ҳолда, бутунжаҳон хўжалигини, унинг таркибидаги барча мамлакатлар миллий иқтисодиётини ларзага келтирган, батамом издан чиқарган, беҳисоб иқтисодий йўқотишларга сабабчи бўлган Буюк депрессиянинг даҳшатли гирдобидан тараққиётнинг равон йўлига олиб чиқиш шарафига муяссар бўлди.
Мана шундан келиб чиққан ҳолда, бир шу мисолда иқтисодий тафаккурнинг иқтисодий тараққиётга эришишдаги роли нечоғлик кучли эканлигини изоҳлаб бериш мумкин. Ўша оғир дамларда, табиийки, бутун дунё етакчи иқтисодчиларининг, барча иқтисодчи олимларнинг бутун диққат-эътибори жаҳон хўжалигини ҳалокатли инқироз азоб-уқубатларидан олиб чиқишга қаратилган эди. Лекин уларнинг ичидан фақат Кейнс ушбу ўта оғир муаммонинг тўғри ечимини излаб топди ва дунёнинг буюк иқтисодчиси, деб тан олинди. Нима учун? Чунки унинг иқтисодий тафаккури тадқиқотда иштирок этган бошқа рақобатчи сафдошлариникидан юқори эди. Шунинг учун ҳам у атиги 45 бетдан иборат “Бандлик, кредит ва фоизнинг умумий назарияси” (1936 йил) номли асарида ёритган илмий ғоялари ёрдамида иқтисодиёт фанида бутун дунё иқтисодчилари эътироф этган том маънода илмий тўнтариш ясади.
Бир нарсани аниқ айтиш мумкинки, Кейнс ва у каби истеъдодли иқтисодчи олимларнинг жаҳоншумул аҳамиятга эга илғор иқтисодий ғоялари, фанда чинакамига тўнтариш ясаган илмий назариялари кишилик жамиятига беҳисоб моддий бойлик келтирди, инсоннинг тўқ-фаровон ҳаёт томон ҳаракатига йўлбошчилик қилди. Кишилик жамияти иқтисодий тараққиётига уларнинг қўшган ҳиссасини қиймат жиҳатидан миллионлаб, юз миллионлаб оддий ишлаб чиқарувчиларнинг бир неча йиллик машаққатли меҳнати билан яратилган моддий бойликка қиёслаш мумкин.
Иккинчи мисол
Инсон иқтисодий тафаккурининг куч-қудратини оламга машҳур Карл Маркс таълимоти асосида ҳам яққол ёритиб бериш мумкин. Коммунистик жамият қуриш назариясининг ихтирочиси Карл Маркс дунёнинг буюк иқтисодчиларидан бири сифатида эътироф этилган. Амалий тажриба унинг назарияси нотўғрилигини, коммунизмга ўтиш ғояси сохталигини, пучлигини кўрсатди. Бизнингча, иқтисодчининг буюклиги унинг бутун умри давомида уч томдан иборат “Капитал” номли асар ёзиб, коммунизмга ўтиш тўғрисида янги таълимот яратганлигида эмас, балки илмийликдан йироқ бўлган ана шу сохта назарияга миллионлаб, юз миллионлаб кишиларни ишонтира олганлигида. Унинг сохта, схоластик ғояларига ишонган авом халқ қўлига қурол олиб, революцион тўнтаришларда фаол иштирок этди, жуда кўп кишилар жанг майдонларида ҳаттоки жонини ҳам қурбон қилди. Натижада сайёрамизда 15 та республикадан таркиб топган СССР давлати, 14 та мустақил давлатни қамраб олган социалистик лагер вужудга келди. Маркс таълимотига, унинг схоластик ғояларининг ҳаётийлигига қатъий ишонган, уларни ҳаққоний деб қабул қилган доҳийлар, давлат арбоблари, олимлар, иқтисодчилар, кенг халқ оммаси анча тарихий давр давомида ушбу ғоянинг амалиётга тадбиқ этишга, рўёбга чиқаришга ҳам уриниб кўрдилар. Лекин кишилик жамиятига жуда қимматга тушган Маркс таълимоти амалий тажрибада ўзининг илмийлигини, ҳақиқий эканлигини исботлаб беролмади. Беҳуда экспериментлардан сўнг Маркс таълимоти батамом инқирозга учради, кишилик жамияти ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг барча олтин қоидаларига қатий риоя қиладиган тизим – замонавий бозор иқтисодиётига ўтиш йўлини тутди.
Ҳар қандай соғлом фикрлайдиган кишида бутун дунёни сувсиз тебратган, жуда кўп кишилар қатъий ишонган коммунистик жамият қуриш ғоясининг инқирозга учрашининг сабаби нимада, деган саволнинг туғилиши табиий? Оддийгина қилиб тушунтириб беришга уриниб кўрмоқчимиз.
Маркснинг иқтисодий таълимоти аввал бошдан табиат қонунларини етарли даражада эътиборга олмаган ҳолда, аниқроғи, унинг объектив қонунларини инкор этиш асосида яратилган эди. Маълумки, табиат инсонни, қолган барча тирик мавжудотлар сингари, муайян ҳаётий эҳтиёжлар ва ушбу эҳтиёжларни қондириш имконини берувчи истеъмол қилиш қобилияти билан қуроллантирди. Демак, инсон, ўз табиатига кўра, биринчи навбатда, истеъмолчидир. Табиатан у истеъмол қилиб яшашга, ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга, яъни табиатнинг объектив қонунларига итоат қилишга, мажбур. Айниқса, инсоннинг физиологик эҳтиёжларини қондириш хусусида гап кетганда, ушбу ҳақиқат инкор қилиб бўлмайдиган аксиомага айланади. Аксарият тадқиқотчилар томонидан тан олинган, 5 қисмдан таркиб топган, Маслоу эҳромининг асосида инсоннинг биринчи даражали эҳтиёжи сифатида айнан физиологик эҳтиёжлар ўрин олганлиги ҳам бежиз эмас. Мутахассисларнинг фикрига кўра, инсон озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолисиз 40 кунгача, сув истеъмолисиз 10 кунгача жон сақлаши мумкин экан. Демак, ҳар қандай куч, жамият қонуни, назария, иқтисодий таълимот ёки бошқа воситалар инсонни истеъмол қилиш ташвишлари ва азоб-уқубатларидан қутқариб олишга ёки маҳрум қилишга ожизлик қилади.
Маркс капиталист ихтиёридаги шахсий мулкни мусодара қилиш, куч билан тортиб олиш (експроприаторларни экспроприация қилиш), пировард натижада, уни ишчи-пролетар синфи фойдасига тақсимлаб бериш йўли билан жамиятда ижтимоий адолат ўрнатиш ғоясини ихтиро қилди. Лекин, ушбу тадбир ўзининг мазмун-моҳияти жиҳатидан жамиятда социал адолат ўрнатиш тамойилларига зид бўлиб, адолатнинг ўрнатилишига эмас, аксинча, унинг қўпол тарзда, ўтакетган адолатсизлик билан бузилишига олиб келди. Мантиқий далиллар:
Биринчидан, капиталистнинг шахсий мулки унинг кўп йиллар давомида ижтимоий ишлаб чиқаришни узлуксиз ривожлантиришга, эл-юрт дастурхонини ноз-неъматлар билан тўлдиришга, ижтимоий ишлаб чиқаришни ташкил этишда ноёб тадбиркорлик қобилият соҳиби сифатида қўшган ҳиссаси учун, шахсий даромадини тақсимлашда ўз истеъмолини чеклаб, жамғаришга катта мойиллик билдирганлиги учун, иқтисодий ресурслардан фойдаланишда ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўймай, ишлаб чиқариш жараёнларида тежамкорлик тамойилларига қатъий риоя қилганлиги учун жамиятнинг унга фойда шаклида инъом этган, кечиб берган ўзига хос мукофоти. Ҳозирги замон иқтисодиёт назарияси Карл Маркс ўз вақтида революцион тўнтариш орқали, куч билан жамиятда социал адолат ўрнатиш муаамосининг ечимини анча маданийлашган, эволюцион йўлларини излаб топди ва амалиётга муваффақиятли жорий этди. Бу ҳам бўлса, эркин бозор иқтисодиёти ва кескин рақобат шароитида яратилган миллий даромадни давлат бюджети ёрдамида қайта тақсимлаш орқали (миллий даромаднинг иккиламчи тақсимоти) аҳолининг кам даромадли, иқтисодий мададга муҳтож қатламларини, камбағалларни моддий қўллаб-қувватлаш тизими.
Иккинчидан, Карл Маркс таълимотининг инқирозга юз тутиши сабабларидан яна бири – унинг узоқ келажакни олдиндан кўра билмаганлигида, деб ўйлаймиз. Маркснинг революцион йўл билан социализмга ўтиш ғояси амалиётга жорий этилди: 1917 йилда чор Россиясида революция ғалаба қозонди, пролетар диктатураси ўрнатилиб, капиталистларнинг мулки мусодара қилинди. Капиталистларнинг мулки давлат мулки, умумхалқ мулки, деб эълон қилинди. Лекин, буюк назариётчи тахмин қилган, мўлжалга олган иқтисодий мўъжиза амалда содир бўлмади, яъни миллий даромаднинг жамият аъзолари орасида ўзаро тенглик, моддий манфаатдорлик тамойиллари асосида “Ҳар кимдан – қобилиятига яраша, ҳар кимга – меҳнатига яраша” тақсимотини таъминлаш ғояси амалда ўз исботини топмаган оғзаки шиорга айланиб қолди. Капиталистларнинг ишчи ва деҳқонларга соф текинга тушган, революция оқибатида ўз эгасидан жудо бўлган шахсий мулки қадрсизланди, унга эгалик қилиш, уни тасарруф этиш, ундан фойдаланиш ва натижаларин ўзлаштирш муносабатларини шакллантиришда жиддий, ғайрииқтисодий хато ва камчиликларга йўл қўйилди. Ишчи-деҳқонлар эгасиз қолган мулкни асраб-авайлаб, кўпайтириш ҳақида ғамхўрлик қилиш ўрнига, ундан имкон қадар кўпроқ фойдаланиб қолиш, ўзига тегадиган қисмини кўпайтириш пайида бўлдилар. Боз устига, оддий ишчи ёки деҳқоннинг мулкдан самарали фойдаланиш тажрибасининг йўқлиги, уни ишлатиш ва ундан фойдаланиш кўникмаларининг ҳали шаклланмаганлиги иқтисодий ишлаб чиқариш суръатларининг кескин пасайиб кетишига сабаб бўлди. Энг даҳшатлиси, олдинги мулкдорларда узоқ йиллар давомида шаклланган мулкка эгалик қилиш маданияти инкор этилди, унинг ўрнига мулкка нисбатан туғма иммунитети заиф, очкўзликда капиталистлардан чандон ўтиб кетган янги, оддий ишчи ва деҳқонлардан таркиб топган, мулкдорлар синфи қатлами пайдо бўлди. Нега йўқчилик азоб-уқубатларидан эзилиб, тақдир тақозоси билан бор шахсий мулкни қўлга киритган, мулк эгасига айланган янги мулкдорлар миллий даромад тақсимотида социал адолат тамойилларини ўрната олмадилар? Чунки уларнинг мулкий муносабатларга нисбатан хулқ-атвори, дунёқараши ҳам, худди олдинги мулкдорлардаги сингари, Маркснинг схоластик назариялари асосида эмас, балки инсоннинг истеъмолга бўлган ҳаётий эҳтижлари асосида шакллланади.
Юқоридаги тафсилотларнинг баёнини биз Маркс таълимотини танқид қилиш ёки ушбу назария кишилик жамияти ижтимоий-иқтисодий тараққиётига негатив таъсир кўрсатганлигини исботлаб бериш мақсадида келтирганимиз йўқ. Асосий мақсад – юқорида қайд этилган танқидий фикр-мулоҳазалар ёрдамида инсон иқтисодий тафаккурининг чексиз имкониятларини, куч-қудратини, ҳаттоки у сохта бўлган тақдирда ҳам, миллионлаб кишиларни революцион тўнтариш сари етаклаб бориши ҳам мумкинлигини қайд этмоқчимиз.
Учинчи мисол
Иқтисодий тафаккурнинг инсон ҳаётидаги ролини алоҳида индивид мисолида ҳам изоҳлаб бериш мумкин. Масалан, тақдир тақазоси билан оролда якка ўзи қолиб кетиб, ўзининг ақл-заковати билан оғир иқтисодий шароитда зарурий эҳтиёжларини қондириш ва жон сақлаб, тирик қолиш Робинзон Крузода мужассам бўлган кучли иқтисодий тафаккурнинг амалий натижаси. Айнан кучли иқтисодий тафаккур уни ўлим чангалидан қутқариб қолди. Кеманинг ҳалокатга учрашидан олдинги даврда Крузо ўз онгида шаклланган иқтисодий билим ва кўникмаларга таяниб, уни ижодий ривожлантириб, якка ўзи, ҳеч кимнинг четдан ёрдамисиз, зарурий эҳтиёжларини қондириш, ҳалокатли иқтисодий вазиятдан чиқиш имконини излаб топди. Кимсасиз оролда когнитив иқтисодий тафаккур ёрдамида ўз ҳаёти учун курашди, буғдой экиб, етиштириб, эчки соғиб кун кечирди. Агар Робинзон Крузонинг онгида ўз аксини топган, олдиндан шаклланган иқтисодий билим ва ҳаётий тажриба бўлмаганда эди, агар у ушбу билимларни фавқулодда юзага келган мураккаб вазиятга мослаб, батамом янги даражаларга кўтариш иқтисодий қобилият соҳиби бўлмаганда эди, ҳаёт билан хайрлашиши муқаррар эди.
Хулоса ўрнида
Ушбу долзарб муаммонинг ечими сифатида юртимизда аҳоли иқтисодий тафаккурини юксалтиришга, уни тараққиётнинг бош омилига айлантиришга қаратилган “Иқтисодий саводхонлик – иқтисодий юксалишнинг бош омили” шиори остида сафарбарлик эълон қилишни таклиф қиламиз. Аҳоли барча қатламлари учун уларнинг иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришдаги ролидан ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, иқтисодий фикрлаш доирасини кенгайтиришнинг самарали чора-тадбирлари ва уларни ҳаётга тадбиқ этиш механизмлари ишлаб чиқилиши лозим. Иқтисодиётда банд бўлганларнинг иқтисодий билим ва кўникмалари даражасини, иқтисодий тафаккур юритиш даражасини баҳолашнинг табақалашган кўрсаткичлар тизими яратилиши мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг иқтисодий билимдонлигини ошириш борасида эришган ютуқларини, кўрсатган жонбозлик ва ташаббусларини рағбатлантиришнинг ва айни пайтда, уларнинг йўл қўйган хато ва камчиликлари учун жавобгарлигини оширишнинг самарали меҳанизмлари ўз ечимини топмоғи лозим. Акс ҳолда, мўл-кўлчиликда бой-бадавлат яшаш борасида эзгу мақсадларимиз ва интилишларимиз рўёбга чиқмай қолиши муқаррар.
Агар биз ривожланган мамлакатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаб, уларнинг халқи сингари мўл-кўлчиликда бой-бадавлат яшашни хоҳласак, ўз ҳаётимизда, биринчидан, иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккурнинг чексиз имкониятларидан унумли фойдаланиш зарурлигини, шартлигини тушуниб етмоғимиз, иккинчидан эса уларнинг чексиз имкониятларида самарали фойдаланмоғимиз керак. Шундагина табиат (бой табиий ресурслар) ва жамият (бой маданий мерос) бизга сахийлик билан инъом этган беҳисоб иқтисодий ресурслар мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини ошириш, иш ҳақимизни кўпайтириб, дастурхонимизни иқтисодий ноз-неъматларга тўлдириш, тўкин-сочинликда бой-бадавлат ҳаёт кечиришнинг кучли омилига айланади.
М.Муҳаммедов, М.Пардаев, иқтисод фанлари доктори, СамИСИ профессорлари.
(Тамом)