Ўзбекистон ҳудудида шу пайтгача қандай эпидемиялар юзага келган?

Европалик тарихчилар ўрта асрларда қитъада тарқалган турли эпидемиялар Осиёдан келганлигига қаттиқ ишонишган. “Антик даврдаёқ юзага келган Буюк ипак йўлининг Марказий Осиёдан ўтиши ўлат, вабо, махов, чечак ва бошқа шу каби турли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлган. Бу йўлда карвонлар ва одамларнинг ҳаракатланиши эпидемия географиясининг кенгайишига, аксарият ҳолларда Осиёда пайдо бўлган касалликларнинг Европага ҳам кириб келишига сабаб бўлган”лигини ёзади француз тадқиқотчиси.

Аммо тарихга назар ташласак, эпидемияларнинг аксарияти Европада тарқалган. Коммуникациянинг заифлиги оқибатида ўша тарафлардан бошқа жойга чиқмаган. Албатта бунга тозалик ва озодалик билан боғлиқ баъзи жиҳатлар ҳам сабаб бўлган. Яъни Европа шаҳарларидаги аҳолининг турмуш тарзи ҳам турли юқумли касалликларнинг тарқалишига олиб келганлигини унутмаслик лозим. Шу билан бирга ўрта аср Европа шаҳарлари доимий тарзда феодаллар зуғуми остида бўлган ва бунинг оқитада аксарияти кичик майдонни эгаллаган, кўчалари тор, канализация тизими бўлмаган. Чиқиндиларни чиқариб ташлаш ёки зарарсизлантириш ўрнига тўғридан-тўғри кўчага ташлашган. Тез-тез ёққан ёмғир эса чиқиндига тўлган кўчаларда заҳарли кўлмаклар ҳосил қилиб, Европада тез-тез ўлат тарқалиб, эпидемияларга сабаб бўлган.

Осиёда эса ўрта асрларда тарқалган эпидемияларнинг аксарияти Ҳиндистонда юзага келган. Гарчи Ҳиндистон бизга яқин жойлашган бўлсада, ҳар доим ҳам ўлат ҳудудимизга кириб келавермаган.

Мовароуннаҳрда XVIII асрда юз берган сиёсий инқироз даврида ўлат тарқалганлиги ўша давр муаллифлари асарларида қайд этилган. Ҳатто Самарқанддек катта шаҳар узоқ йиллар кимсасиз қолганлигини, Бухоро амири Шоҳмурод даврида шаҳарнинг қайта тикланганлигини тарихдан биламиз. Бироқ бундай ҳолатлар тез-тез кузатилмаган.

XIX асрга келиб вазият ўзгарди. Биргина XIX аср охири XX аср бошларида – 1872, 1892, 1904, 1905, 1907, 1908, 1910, 1915, 1918, 1921, 1922, 1923 йилларда 12 марта ўлат эпидемияси тарқалганлиги эътиборни тортади. Ушбу эпидемиялар дастлабкилари Ҳиндистондан Афғонистон орқали бизнинг ўлкага кириб келган бўлса, кейинчалик Россиядан келиб, ўлкада тарқалган.

Россия империясига қарам бўлган Ўрта Осиёнинг шаҳарлари икки қисмга – аҳолининг европаликлар яшайдиган қисми ва маҳаллий аҳоли гузарларига бўлинган эди. Бироқ “кўринмас ёв” на чегарани, на тўсиқларни ва на мафкурани билади. Соғлиқни сақлаш тизими эса фақатгина Россиядан кўчиб келганлар ва уларнинг оилаларига хизмат қиларди. Маҳаллий аҳоли учун эса шифохоналар жуда кам эди. 1880 йилларнинг охирида Туркистон генерал-губернатори М.Черняев даврида маҳаллий аёллар ва болалар учун ҳар бир шаҳарда 10-20 кишига мўлжалланган шифохоналар қурилди, холос. Ўлатдан даво истаган маҳаллий аҳоли кўп ҳолларда анъанавий даволаш усуллари, табиблар хизматидан фойдаланишган, турли ўсимликлар дамламалари, озиқ-овқатларни дори сифатида қабул қилишган.

1872 ва 1892 йилларда Ўзбекистон ҳудудида тарқалган ўлат босқинчиларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги сиёсатини ўзгартиришига ундади. Касаллик ҳақида одамларни огоҳлантириш ва ундан сақланиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиб, имомлар ва оқсоқоллар орқали аҳолига етказилди.

1892 йилги ўлат Туркистонда нафақат санитар вазиятни, балки ижтимоий-иқтисодий соҳани ҳам издан чиқарди. Подшо ҳукумати “Туркестанские ведомости” газетасининг 1892 йил 2 июндаги сонида тиббиёт ходимлари ҳамда аҳолини рус ва ва ўзбек тилларида ўлатга қарши кўриладиган чоралар ҳақида огоҳлантириб борди. Ушбу газетада тиббиёт соҳасидаги европалик кашфиётчи-олимлар Луи Пастер ва Роберт Кох ихтиролари ҳақида ҳам мақолалар чоп этилиб, аҳоли вабога қарши курашда замонавий фанга ишонишга чақирилди.

Бироқ вирусларга қарши вакциналар ҳали яратилмаган эди. Оқибаитда Россия империясининг аҳолини “қисмларга” ажратишдек сегрегация сиёсати оқибатида Туркистонда биргина 1872 йилда тарқалган эпидемия оқибатида 72 205 киши, 1892 йилда 47520 киши вафот этган. Бу ҳам аниқ рақамлар эмас. Чунки аксарият ҳолларда ўз яқинини диний расм-русмлар доирасида дафн этишни хохлаган одамлар касалликни яшир ишган. Бу эса касалликнинг янада кенг ёйилишига олиб келган.

1872 йилги эпидемиядан Марказий Россия билан, Эрон ҳамда Афғонистондан касаллик кириб келган Каспийорти вилояти билан домий алоқада бўлган Тошкент энг кўп жабр кўрди. Туркистоннинг ички шаҳарларида Эрондан кириб келган эпидемия камроқ, лекин тез-тез тарқалиб турди ва фақатгина 1892 йилдаги эпидемия даврида 38 минг кишини ҳаётдан олиб кетди. Дастлаб 1881 йилда Арабистонда пайдо бўлган ушбу ўлат 1884 йилда Европа, Осиё ва Американинг катта қисмига тарқалди. 1887 йилда бироз сусайиб, 1892 йилда янгидан тўлқинланди ва Афғонистон орқали Туркистонга кириб келди. Кейин ушбу касаллик Транскаспий темирйўли орқали ўлканинг бошқа жойларига ҳам тарқалди. Балки шунинг учун ўша даврда темирйўлга “шайтон араваси” деб ном беришгандир. Ҳарҳолда темирйўл касаллик тарқалишининг асосий омили бўлгани ҳақиқат. Буни архив манбаларидаги рақамлардан ҳам билиш мумкин. Яъни, темирйўл орқали сафар қилувчилар сони йилдан-йилга кўпайиб борди: 1899 йилда 443 минг, 1907 йилда 1 миллион 900 минг, 1908 йилда 2 миллион 710 минг, 1909 йилда эса қарийб 3 миллион киши ушбу хизматдан фойдаланган.

XX бошига келиб эпидемия тарқалишининг анъанавий “Ҳиндистон-Афғонистон-Эрон” йўлидан мутлақо янги – шимолдан жанубга ва ғарбдан шарққа қараб йўналган йўли пайдо бўлди. Бу пайтда Россиянинг марказий ва ғарбий ҳудудларида юзага келган ўлат Туркистонда ҳам пайдо бўлиб, уни юқтирганлар сони ўсиб борди.

Биргина 1908 йилдан 1921 йилгача Россиядан Туркистонга тўртта ўлат эпидемияси кириб келди. Улардан биринчисининг ўчоғи 1904 йилда Эронда пайдо бўлган бўлса, қолганлари 1907, 1910 ва 1921 йилларда Астрахан ва Кавказда юзага келган.

Барча даврларда дунёда юзага келган эпидемия тарқалиши шароитида кўпроқ ва аксарият ҳолларда шаҳарлар талофат кўрганлиги айни ҳақиқат. Бунга бир томондан шаҳарларда аҳолининг зичлиги сабаб бўлса, иккинчи томондан шаҳарларнинг халқаро савдо алоқалардаги фаол иштироки сабаб бўлди.

Даврлар орасидаги катта фарқлар, сиёсий тузим ва ёндашувларга қарамасдан ўлат эпидемияси ва коронавируснинг қуруқлик, сув ва ҳаво йўллари орқали тарқалиш тезлиги уларни бирлаштириб турувчи омилдир. Ҳаракатланишнинг чекланиши, таълим муассасаларининг ёпилиши, дафнга оид диний ва бошқа маросимларнинг чекланишидан кўзланган мақсад, гарчи бу иқтисодиётга катта зарар бўлса-да эпидемиянинг олдини олишга хизмат қилади.

Ўз-ўзини яккалаш тарихда юз берган турли ўлатлар тарқалиши даврида ҳам мавжуд бўлиб, 40 кунни ташкил этган. Ҳозир эса касаллик тарқалиши занжирини узиш учун 14 кун кифоя. Лекин ўша 14 кун ҳақиқатдан ҳам кишилар томонидан ўзини ўзи яккалаш билан ўтиши лозим.

Маҳмудхон Юнусов,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи.