"Ўзбекистон келажагига, депутатликка муносиб номзодларни сайлашга бефарқ эмасман"
Бугун ёшу қари ўз конституцион бурчидан фойдаланиб, юрт келажаги учун сайловда овоз бермоқда. Людмила Петрова Самарқанд шаҳридаги Шукрона маҳалласида яшайди. У 80 ёшга кираётган бўлса-да, жамиятдаги сиёсий жараёнларга бефарқ эмас. Шунинг учун сайловда иштирок этиш учун 100-сайлов участкасига келди.
- Кўп миллатли, бағрикенг мамлакатда ўз ҳуқуқларимдан самарали фойдаланиб келаётганимдан хурсандман, - дейди Л.Петрова. – Президент, депутат сайлашдек фуқаролик имкониятимдан шу пайтгача 11 марта фойдаланганман. Бу йилги сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Ҳар бир сайловчи ўзи учун муносиб бўлган номзодларга овоз беряпти. Мен ҳам бугун Ватанимиз келажаги учун сайлов участкасига келиб, ўзим истаган номзодга овоз бердим.
Турмуш ўртоғим бетоблиги учун сайловга келолмайди. Бу ҳақда сайлов комиссияси аъзоларига маълум қилдим ва улар кўчма сайлов қутиси билан уйимизга боришини айтди.
Тўлқин Сиддиқов.