Ўзбекистон Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан фуқароларини яна олиб келади

Ўзбекистоннинг БМТ ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов 7 июнь куни Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Евросиё бўйича минтақавий вакили Патрик Виаль билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди, деб ёзмоқда human.uz.

Патрик Виаль Шавкат Мирзиёевнинг Суриядан 156 нафар фуқарони Ўзбекистонга қайтаргани қўмита томонидан ижобий қабул қилинганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, у Яқин Шарқдаги лагерларда одамлар қандай қийинчиликларни бошдан кечиришидан қўмита хабардор эканини ҳам айтди.

Учрашув якунида қўмита Ўзбекистонга низоли ҳудудлардан фуқароларни қайтаришда ҳамкорлик ишларини давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, қўмита Ўзбекистонга қайтган фуқаролар билан ишлайдиган маҳаллий психологларнинг малакасини оширувчи тренинглар ўтиб беришда ҳам ёрдам беришини айтган.

Аввалроқ ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ташкилот Ўзбекистонга Ироқ ва Суриядаги болаларнинг барини қайтаришга ёрдам беришини таъкидлаган эди.