Ўзбекистонда 87 минг нафардан ортиқ бола Pfizer/BioNTech вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу йилнинг 28 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан, юртимизда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида, ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш йўлга қўйилгани ҳақида маълум қилган эди.
Коронавирусга қарши Pfizer вакцинасининг 12-15 ёшдаги болаларда ўтказилган клиник синовларининг натижалари мазкур вакцинанинг юқори даражада самарадорлиги ва хавфсизлигини кўрсатган бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 12 ёшдан юқори болалар ва ўсмирларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш тавсия этилган.
5 октябрь ҳолатига кўра, юртимизда 87 710 нафар 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланди.
Ҳозирда юртимизда оммавий вакцинация тадбирлари 3 138 та эмлаш пунктида ва 18 828 та ҳаракатдаги бригадалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ҳудудлардаги исталган эмлаш пунктида 12 ёшдан катта болалар ота-оналари ва васийларининг розилиги асосида коронавирусга қарши эмланишлари мумкин.