Эмланганлик ҳақидаги SMS-хабарлар юборишдаги янглишмовчиликларга нима сабаб бўлмоқда?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги IT-Med корхонаси ходими Шоҳрух Қурбонов эмланганлик ҳақидаги SMS-хабарлар юборишдаги янглишмовчиликларга нима сабаб бўлаётганини маълум қилди.

“Кимгадир эмлангани ҳақидаги SMS-хабар келиб тушади. Лекин у эмланмаган бўлади. Ёки, кимнингдир рақамига бошқа бир фуқаронинг эмлангани ҳақида хабар келади. Бундан ҳам ҳайрон қоларлиси, ҳатто вафот этган одамга эмланганлик хабари келган ҳолатлар ҳам бор.

Тизим электрон бўлгани билан унда инсон омили иштирок этади. Ҳозирда эмланган фуқароларнинг маълумотларини тизимга киритаётган тиббиёт ходими катта ҳажмдаги информация билан ишлашига тўғри келмоқда.

Фуқароларга эмлаш бригадаси ходими журнал ёки компьютерга паспорт маълумотлари ва телефон рақамини тўғри киритаётганлигига эътибор қаратиш тавсия этилади.

Баъзи эмлаш пунктларида маълумотлар қоғоз журналларга киритилганлиги боис, маълумотлар базасини тўлдирадиган тиббиёт ходимининг хато қилиш эҳтимоли мавжуд.

Мисол учун, яқинда ижтимоий тармоқларда Янгийўл туманида яшаган Б.Йўлчиев номига вакцинанинг биринчи дозасини олгани ҳақида SMS-хабар келгани, лекин бу инсон вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бунда ўша ҳудудга бириктирилган тиббиёт ходими эмланганлик ҳақидаги маълумотларни тизимга киритишда хатога йўл қўйган бўлиши мумкин.

Чунки ҳудуд аҳолиси ҳақидаги маълумотлар оилавий шифокор пункти қайдномаларида мавжуд бўлади. Эмлаш ҳолатларини рўйхатга олишда фуқарoларнинг паспорт серияларидан фойдаланилади. Айрим ҳолатларда ушбу паспорт сериялари хато бўлиши ёки бошқа фуқарога тегишли сериялар билан киритиш ҳолатлари учрайди.

Юқоридаги ҳолатда адашиб киритилган паспорт серияси туфайли вафот этган фуқаро номига SMS-хабар борган. Бошқа одамга хабар бориши масаласига келсак, фуқаронинг телефон рақамини киритишда хатоликка йўл қўйиш ҳолатлари учраб турибди”, дея таъкидлаган Шоҳрух Қурбонов.

Мутахассис бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун тиббиёт ходимлари ўз ишига масъулиятли бўлиши, тизим имкониятларидан тўғри фойдаланишлари баробарида фуқаролардан ҳам ўз телефон рақамларини эмлаш ҳамширасига тўғри айтганига ишонч ҳосил қилиб олишларини сўраган.