Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 844 бемордан 11 нафарининг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар аҳволи ҳақида маълумот берди:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 3 минг 718 бемор рўйхатга олинган.
Куни кеча 22 нафар, жами 2 минг 859 нафар, яъни 77 фоиз бемор тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 844 бемор даволанмоқда, 9 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Карантин тадбирлари давом этяпти. 46 мингдан кўпроқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият жиддийлигича сақланиб турибди. Кеча касаллик қайд этилган 79 фуқаронинг 15 нафари аҳоли орасида аниқланган. 13 нафари Тошкент шаҳрида, 1 нафари Сирдарё ва яна 1 нафари Тошкент вилоятида. Афсуски, охирги аниқланган 16 беморнинг 2 нафари яна Тошкент шаҳрига тўғри келяпти. Ушбу беморлар Яшнобод тумани аҳолиси орасида аниқланган.
Бундан кўриниб турибдики, ортиқча заруратсиз кўчага чиқманг, кўчага чиқдингизми, албатта, дока ниқобда бўлинг.