Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 миллион нафардан ошди
Ўзбекистонда 2021 йилда пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 миллиондан ошди, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчилар сони эса 1,5 миллиондан кўпроқ. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Пенсия жамғармаси мутасаддилари маълум қилди.
Қайд этилишича, жамғарма томонидан республика аҳолисининг 29 фоизига ҳар ойда хизмат кўрсатиб келинмоқда. 2021 йилда 391,9 минг нафар фуқарога пенсия ва нафақалар тайинланган. Шундан 314,5 минг нафарига пенсия ва 77,4 минг нафарига нафақа берилган. 2022 йил 1 январь ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 миллион 39 минг 2 нафарга етган. Шундан 3 миллион 588 минг 4 нафари пенсия, 450,8 минг нафари нафақа олувчилар ҳисобланади.
Жамғарманинг 2021 йилги даромадлари прогноз кўрсаткичлари 26 миллиард 569 миллион сўмни кўрсатган. Прогноз 105 фоизга бажарилган.
2021 йилда пенсия тўловлари учун 36 миллиард 621,3 миллион сўм ҳамда нафақа ва компенсация тўловлари учун 4 миллиард 199,7 миллион сўм ажратилган. Ҳар ойда пенсия ва нафақа тўловлари учун талаб этилган маблағлар белгиланган муддатларда молиялаштирилиши ҳамда тўланиши таъминланган.
Тўловларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан 10 миллиард 744,2 миллион сўм ажратилган.