Ўзбекистонда «Silk Avia» авиакомпанияси ташкил этилади, учиш нархлари темир йўл тарифлари каби бўлади

«Uzbekistan Airports» АЖ Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ташаббуси билан «Silk Avia» минтақавий шўъба авиакомпаниясини ташкил этмоқда. Янги авиаташувчи парвозларни келгуси йилдан бошлашни режалаштирмоқда.

«Silk Avia» авиакомпанияси Дубай шаҳрида 14-18 ноябрь кунлари бўлиб ўтган «Dubay Airports-2021» халқаро авиасалон доирасида жорий йилнинг сентябрь ойида рўйхатдан ўтган.

- Биз бозорда ўзбекистонликлар учун арзон нархларда ички авиаташувларни таъминлайдиган авиакомпания ташкил этишни мақсад қилиб қўйдик, - дейди «Uzbekistan Airports» АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева. - Яқин вақтгача Ўзбекистон шаҳарларини боғлайдиган тўғридан-тўғри қатновларнинг йўқлиги катта муаммо эди. Самарқанддан Хоразмга бориш учун йўловчилар Тошкент орқали учишлари керак эди. Бизнинг вазифамиз — ички ташувларни нафақат «point to hub» (пойтахтдан ҳудудларга), балки «point to point» (минтақалар орасида) модели асосида ҳам ташкил этишдир. 40 га яқин йўналишлар ва 70 кишига қадар йўловчи ташиш қувватига эга минтақавий самолётларни сотиб олиш режалаштирилган. Тарифлар темир йўл тарифларига мувофиқлаштирилади. Бу ички туризмни ривожлантиришга ва истеъмолчи учун авиачипталарнинг якуний қийматига ижобий таъсир кўрсатади.

Янги авиакомпания минтақавий аэропортларни ривожлантириш учун ҳам зарур. Шу боис, уни биринчи босқичда «Uzbekistan Airports» бошқарув компанияси яратмоқда. Келгусида авиакомпания хусусий секторга ўтказилиши режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, «Silk Avia» ўзини «Uzbekistan Airways» миллий авиаташувчисининг рақиби сифатида намоён қилмайди, балки ички ташувларни ташкил этиш бўйича ҳамкор сифатида фаолият юритади.