Ўзбекистонда Visa ва Mastercard тўлақонли ишламаслигининг учта сабаби

Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидовнинг маълум қилишича, Visa ва Mastercard дунёдаги энг кучли компаниялар саналади. Модомики улар Ўзбекистонда тўлақонли ишлашни бошлар экан, мамлакатда ниҳоятда кучли рақобат муҳити пайдо бўлади, деб ёзмоқда davletovuz.
Марказий банк мутасаддиси Ўзбекистон мазкур халқаро тўлов тизимлари тўлақонли ишламаслиги сабабларини келтириб ўтган.
Биринчидан, тўлов инфратузилмаси йўқлиги. Иш ҳақини Visa карталарига ўтказиш учун ҳеч қанақа қонуний ёки маъмурий чекловлар йўқ. Банклар бундай маҳсулотларни бирор жойда фойдаланишнинг иложи йўқлиги учун ҳам таклиф қилмайди. Агар хотирам панд банд бермаса, бутун мамлакатда бир вақтнинг ўзида Visa ва Mastercard хизмат кўрсатадиган 3000 мингта терминал бор, холос. Humo лойиҳаси эса барча савдо-сервис корхоналарини замонавий тўлов инфатузилмаси билан жиҳолашни кўзда тутади. Бу инфратузилма Visa, Mastercard ҳамда UnionPay тизимлари билан интеграциялашади.
Иккинчидан, савдо эквайринги учун комиссиянинг йўқлиги. Қарийб барча мамлакатларда савдо нуқталарида комиссия мавжуд. Шунинг ҳисобига тўлов тизимининг банклараро комиссиялари қопланади. Масалан, Россияда тўлов тизими эквайринги учун ўртача 2-2,5% ундирилади. Тўлов тизими ҳам, банк ҳам шундан пул ишлайди. Мазкур маблағдан бир қисми фойдаланувчиларга кэшбек кўринишида қайтарилади. Ўзбекистонда 15 йилларча олдин нақдсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш мақсадида савдо нуқталари комиссия тўламаслигига қарор қилинган. Ҳозирги кунда тўлов тизимларининг сарф-харажатлари банкларнинг зиммасида. Visa, Mastercard ёки умуман ҳар қандай халқаро тўлов тизими бундай шартлар асосида ишлашга кўнмайди. Маҳаллий савдо нуқталарини бутун дунёда бўлганидек ҳар бир транзакциядан 2,5-3% тўлашга мажбурлаш ҳам бўлмайди. Савдогарларимиз бунга рози бўлмайди. Савдо нуқталарини ҳам тайёрлаш, ўргатиш керак бўлади.
Учинчидан. Маҳаллий карталар бўлиши керак. Шу билан бирга, битта иш ҳақи ҳисоб-рақамига бир нечта карталарни, масалан, маҳаллий ва Mastercard карталарини улаб қўйиш мумкин. Қайси карта қулай бўлса, ўша картадан фойдаланилади. Ана шундай механизмнинг мавжуд эмаслиги эса Visa, Mastercard Ўзбекистонда ишламаслигининг учинчи сабабидир. Марказий банк битта иш ҳақи ҳисоб-рақамига уланган иккита картани чиқариш тизимининг техник асослари устида ишламоқда. Шунинг учун ҳам Humo бозорга рақобат олиб келмайди, деган гапларга қўшилмайман. Лойиҳада ушбу вазифаларни ҳал қилиш мақсад қилинган. Ишни охиригача етказсак, барча саволлар ўз-ўзидан йўқолади.