Ўзбекистонда "Йил одами" аниқланди

Пойтахтимизнинг “Зарафшон” киноконцерт залида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан “Йил танлови - 2019” тақдирлаш маросими бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Тадбирда “Энг фаол давлат арбоби” — Ўзбекистонда йил одами сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева эътироф этилди, деб хабар берди ЎзА.

✔ Норбоева Танзила Камоловна – 1956 йил Андижон вилояти Шаҳрихон туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да филолог мутахассислиги бўйича таълим олган.

Меҳнат фаолиятини 1974 йил Шаҳрихон туманидаги ўрта таълим мактабида ўқитувчилик билан бошлаган.

1975-1995 йиллар давомида таълим муассасалари, ташкилотларда турли лавозимларда ва Халқ демократик партиясида фаолият олиб борган.

1995-2010 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда фаолият юритган.

2010-2016 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, 2016-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ишлади.

2019 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Сенат раиси лавозимига тайинланди.