Ўзбекистонда болаларни парвариш қилиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича ягона ва тизимли ёндашув муҳокама қилинди
2021 йил 29 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон Республикасининг гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда “Ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбияланишини таъминлаш мақсадида ноинституционаллаштириш Миллий стратегиясини яратишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.
Унда сенаторлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, Ёшлар парламенти аъзолари, хорижий давлатларнинг юртимиздаги элчихоналари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан иштирок этиб, ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбия топишга, ота-она меҳрини, яқинлари эътибори ва ғамхўрлигини ҳис қилиб яшашга тўла ҳақли эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Бу борада қонунунчилик базаси такомиллаштириб борилмоқда, хусусан, сўнгги йилларда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги, “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги қонунларда бола ҳуқуқларининг кафолатлари таъминланиши билан боғлиқ муносабатлар иштирокчилари ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари аниқ акс этган, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Қолаверса, мамлакатимизда болалар омдудсмани институти фаолият бошлагани ҳамда болалар меҳнатига мутлақо чек қўйилгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилган. Бундан ташқари, Сенатнинг тегишли қарорида чин етимлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштириш энг сўнгги чора эканлигига, бундай болаларни оилалар тарбиясига бериш бирламчи вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратиш белгиланган. Яна бир жиҳат. Жорий йил 1 январь ҳолатига республика бўйича жами 71,6 минг нафар бола васийлик ва ҳомийлик органлари назоратига олинган. 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,3 баробарга оширилган. 2011-2020 йилларда “Меҳрибонлик” уйларини тугатган ва уй-жойга муҳтож 1 188 нафар битирувчидан 610 нафарига уй-жой берилган. Шу ўринда Сенат ташаббуси билан жорий йилда давлат бюджетидан 50 миллиард сўм маблағ ажратилиб, меҳрибонлик уйларининг 900 нафар битирувчиларини уй-жой билан таъминлашга йўналтирилган.
Анжуманда Ўзбекистондаги болаларни парваришлаш тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги вазият муҳокама қилинди. Қолаверса, болалар парваришининг замонавий тизимини ишлаб чиқиш бўйича энг илғор халқаро ва миллий тажриба ҳамда бу соҳадаги сабоқлар билан ўртоқлашилди.
Халқаро даражада болаларни парвариш қилиш соҳаси катта муассасалар ўрнига оилавий ва жамоатчилик асосида бир қатор хизматлар кўрсатиш сари ўзгармоқда. Шу боис тадбир иштирокчилари томонидан Ўзбекистода ноинституционаллаштиришжараёнини тезлаштириш бўйича тавсиялар берилди.