Ўзбекистондаги алоқа компаниялари истеъмолчиларга 22,5 миллиард сўмдан кўпроқ зарар етказган
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан 17,5 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 638 таси алоқа соҳасидаги муаммолар билан боғлиқ мурожаатлардан иборат.
Жорий йилнинг ўтган даврида Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида алоқа соҳасида истеъмолчилардан 22,5 миллиард сўмдан зиёд ортиқча маблағ олинганлиги аниқланди ва уларни истеъмолчиларга қайтариш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Масалан, Билайн компанияси томонидан ўтган йилнинг июнь ойида 3 миллион 200 мингдан ортиқ абонент “Хабардор бўл” хизматига бепул уланган. Бироқ ушбу хизматдан бир ой бепул фойдаланган 1 миллион 300 минг абонентдан кейинги ойдан бошлаб кунига 240 сўмдан пул ушлаб қолаверган ва бу ҳақда, хизматнинг пуллик эканлиги тўғрисида барча абонентлар хабардор этилмаган. Оқибатда, истеъмолчилардан 20 миллиард сўмга яқин ортиқча ҳақ олинган. Бугунги кунда ушбу маблағ абонентларга босқичма-босқич қайтарилмоқда.
🔹 Контент провайдерлар томонидан мобил алоқа компаниялари кўмаги билан истеъмолчилар ўртасида турли викторина ва бошқа пуллик хизматларни кўрсатишда ҳам истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари мавжуд.
Хусусан, “Via Mobi” контент провайдери томонидан “Ғолиб бўл ва ютиб ол!” акцияси доирасида Билайн абонентларига “Сиз 100 миллион сўм ғолиби сифатида танлаб олиндингиз” мазмунида СМС хабар юборилиши натижасида 3 600 истеъмолчи 17,1 миллион сўм миқдорида ортиқча харажатни амалга оширган.
“First IT Group” контент провайдери томонидан “Al-chiroq” акциясига уланган Ucell абонентларига ҳақиқатда пуллик хизматлар кўрсатилмаса-да, ҳақ ундирилган ва бу ҳақда истеъмолчилар хабардор қилинмаган. Натижада, 337 900 абонентдан 97,4 миллион сўм ортиқча маблағ олинган.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари Аъзамжон Қурбонов маълум қилди.