Ўзбекистонга 11 ой ичида қанча меҳнат мигрантлари қайтиб келгани маълум қилинди

2020 йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида 467 минг нафардан ортиқ меҳнат мигрантлари қайтиб келди. Жумладан, Россиядан – 257 минг, Қозоғистондан – 129 минг, Туркиядан – 14 минг, Корея ва бошқа давлатлардан – 66 мингдан ортиқ ватандошларимиз қайтган.

Қайтиб келган фуқароларнинг салмоқли қисми (49,0 фоизи) чет давлатларда қурилишнинг турли йўналишларида ишлаб, тажриба орттирган. Шунингдек, уларнинг 11,4 фоизи саноат корхоналарида, 7,8 фоизи қишлоқ хўжалиги ишларида, 10,5 фоизи савдо ва бошқа маиший хизмат ишларида, 21,2 фоизи бошқа йўналишларда ишлаб ўз тажрибаларини орттирган. Бу эса уларни ўз яшаш манзилларида ишга жойлаштириш жараёнида тегишли йўналишларни белгилаб олиш учун муҳим омил ҳисобланади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бандликка кўмаклашиш, тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш бошқармаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Хориждан қайтганларни меҳнат ва касбий реинтеграция қилиш бошқармаси ҳамкорликда ватанга қайтган меҳнат мигрантларини ички меҳнат бозорига реинтеграция қилиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш ва муҳими, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида аввало, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган фуқаролар контингентини аниқлаб олиш жараёнлари ташкил этилмоқда.

2020 йилнинг ўтган 11 ойи давомида юртга қайтган меҳнат мигрантларининг 39225 нафари (84 %) уйма-уй юриб ўрганилди, 74754 нафар (16 %) меҳнат мигрантлари бўйича мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.