Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистоннинг биринчи прокурори самарқандлик бўлган

Вилоят прокуроратураси музейида бу ҳақдаги ҳужжатлар билан танишиш мумкин.

Унга кўра, Дўст Устабоев Муҳаммад ўғли 1921 йил 22 февралдан Туркистон АССР адлия халқ комиссари, июндан Туркистон АССР бош прокурори, ўриндошлик асосида Туркистон АССР фавқулодда комиссияси раиси лавозимида фаолият кўрсатган.

Дўст Устабоев 1886 йили Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида этикдўз оиласида туғилган. Манбаларга кўра, Каттақўрғондаги рус-тузем мактабида ўқиган. Отаси вафот этгач, оилани боқиш учун мактаб қоровули бўлиб ишлаган.

У 1905 йилги инқилобий воқеаларнинг фаол иштирокчиси бўлган, варақа ва прокламацияларни маҳаллий аҳолига тарқатиш билан шуғулланган. 1913 йилда Самарқанд чой фабрикасига ишга кирган Дўст иш ташлашни ташкил этгани учун ишдан ҳайдалган.

1918 йили партияга кирган, оқ казаклар ва оқ гвардиячиларга қарши жангларда иштирок этган. Кейинчалик Самарқанд уезди шаҳар совети ижроия комитети раиси бўлиб сайланган. 1921 йил декабрида советларнинг Бутунтуркистон, Бутунроссия советлари қурултойларида қатнашган, Бутунроссия Марказий ижроия комитети аъзоси бўлган.

1924 йили Ўрта Осиё қишлоқ хўжалиги банки раиси, ўша йил 4 июлдан РСФСР Олий суди судяси этиб тайинланган. Бутунроссия Марказий ижроия комитети президиуми қошидаги миллатлар бўлими мудири ўринбосари бўлган. Кейинчалик ҳам турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган. 1964 йили Москвада вафот этган, Тошкентда дафн қилинган.

Интернет манбаларида бу инсон ҳақида деярли маълумот учратмадик. Аммо Тошкент шаҳрида шу кишининг исм-фамилияси билан номланган кўча бор.