Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бизга қандай имтиёзлар беради? Салбий томонлари нимада?
Боку шаҳрида ўтказилган иқлим бўйича (СОР29) конференция доирасида мамлакатимизнинг Миллий павильонида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масалаларида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди. ЖСТ бош директори мамлакатимизнинг ташкилотга аъзо бўлиши борасида кўрилаётган чораларни юқори баҳолади. Ўтган йили Нгози Оконжо-Ивеала ЖСТ котибияти Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда мамлакат яқин келажакда ташкилотга қўшилишига ишонч билдирганди.
Ислоҳотларнинг ажралмаси қисми
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган 78-сессиясида ЖСТга муддатидан олдин аъзо бўлишни Ўзбекистоннинг устувор вазифаси, деб атаган эди. Ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлиш мамлакатимизга қандай имтиёзларни тақдим этади? Салбий томони борми? Миллий қонунчиликни мазкур ташкилот меъёрлари ва қоидаларига уйғунлаштириш, жумладан, экспорт субсидияларини бекор қилиш бўйича ишлар фаол олиб борилаётгани, халқаро савдони тартибга солиш масалаларида ўзбекистонлик мутахассислар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани келажакда ўз самараларини берадими?
Таъкидлаш керакки, айни пайтда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш борасида айрим давлатлар билан музокараларни якунлаш ва яқин йилларда ташкилотга аъзо бўлиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш юзасидан фикрлар алмашиляпти. Хусусан, бир неча кун олдин Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Ҳозирда томонлар бозорга кириш тўғрисидаги баённомани имзолашга тайёргарлик кўрмоқда. Бу билан АҚШ Ўзбекистон билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаган йигирма биринчи давлат бўлди.
Бундан олдин, аниқроғи, жорий йилнинг 26 октябрь куни Вашингтонда Жаҳон банки гуруҳининг йиллик йиғилишлари доирасида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Аъзоликнинг мамлакат учун фойдаси ташқи савдони ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қўшимча сармояларни жалб қилиш ва иқтисодий ўсишни ўз ичига олади. Иштирокчиларнинг фикрича, “олдинда катта ҳажмдаги ишлар турганига қарамай, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш мақсадига содиқлиги ва кенг халқаро кўмак, жумладан, Жаҳон банкининг техник ёрдами билан бу мақсадга эришиш мумкин”.
Жаҳон банки маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши унга 5-7 йил ичида қўшимча 17 фоизга иқтисодий ўсишга ёрдам беради. Давлатимиз раҳбари август ойида бизнес вакиллари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ЖСТга аъзо бўлишни “ислоҳотларнинг ажралмас қисми” деб атагани бежиз эмас. Зеро, биз бу муҳим ташкилотга қўшилмас эканмиз, айрим давлатларнинг Ўзбекистонга оид протекционизм сиёсати давом этаверади, бу эса мамлакатнинг ўсиш имкониятларини чеклайди.
Интеграциялашув ва капитал бозори
Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорларининг аксарият қисми ЖСТга аъзо мамлакатлардир. Бу давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларда Ўзбекистон учинчи давлат сифатида эътироф этилмоқда. Мамлакатимиздан экспорт қилинган товарларга нисбатан юқори бож ставкалари ҳамда нотариф тартибга солиш усулларининг кенг жорий этилиши мамлакат экспорт салоҳиятига таъсир кўрсатади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро савдо қоидаларини ишлаб чиқишда иштирок этмаслиги ва шу сабабли ташқи савдо муносабатларида мунтазам равишда бошқа давлатларнинг дискриминацион сиёсати қоидаларига дуч келиши ҳам салбий ҳолатлардан.
ЖСТга аъзолик экспорт, хусусан, тайёр маҳсулотлар ҳажмини сезиларли даражада оширишда муҳим аҳамият касб этишини ҳам унутмаслик керак. Шу мақсадда тегишли чора-тадбирлар ҳам кўриляпти. Хусусан, июнь ойидан бошлаб Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилди, шунингдек, 20 та муассасада у билан ўзаро ҳамкорлик бўйича бўлимлар иш бошлайди. Шунингдек, ташкилот нормаларига тўғри келмайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланди.
Агар амалдаги иқтисодий сиёсат давом этса, мамлакатимизнинг ЖСТга кириши фақат вақтга боғлиқ. Қўшилиш жараёни музокаралар олиб бориш ва миллий қонунчиликни ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштиришни ўз ичига олади. Кўпгина давлатлар аллақачон бу йўлдан муваффақиятли ўтган. Одатда, ЖСТга аъзо бўлиш жараёни бир неча йилдан ўн йилларгача давом этиши мумкин. Масалан, Хитой 15 йиллик музокаралардан сўнг, Россия эса 18 йилдан сўнг аъзо бўлди. Бу миллий қонунчиликни мослаштириш, савдо музокараларини олиб бориш ва ЖСТ аъзолари ўртасида консенсусга эришиш зарурати билан боғлиқ. Мамлакатимиз 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар йиғилишигача ЖСТга аъзо бўлишни режалаштирмоқда.
Албатта, ЖСТга аъзо бўлишни хоҳловчи давлат ўзининг савдо-иқтисодий қонунчилигини ташкилотнинг халқаро қоидаларига, жумладан, тарифлар, субсидиялар, интеллектуал мулк ва бошқа жиҳатларга оид қоидаларга мувофиқлаштириши керак. Масалан, Ўзбекистон тариф тўсиқларини камайтириши, савдо чекловларини бекор қилиши ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаши зарур. Савдо сиёсатида ҳам шаффофликка эҳтиёж бор. Тўғри, бу мамлакат иқтисодиётига ва унинг инвестицион жозибадорлигига дарҳол таъсир қилмас, лекин бу жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув ва капитал бозорида иштирок этишнинг муҳим элементидир. Мамлакатда хомашёни қайта ишлаш ва қўшилган қийматнинг ошиши туфайли тармоқлар иқтисодиётнинг етакчилари қаторидан жой олиши мумкин. Шу пайтгача қишлоқ хўжалиги ва саноат қўшилган қиймат занжирига етарлича жалб этилмаган, қайта ишланган маҳсулотлар ва халқ истеъмоли молларини эмас, балки хомашё экспортини афзал кўрар эди. Масалан, тўқимачилик саноати бож тўсиқларини камайтириш, хомашё ва технологиядан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш ҳисобига ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириши мумкин.
Технология ва экспорт бозорларига кириш соддалашади
Хўш, ЖСТга аъзо бўлиш оддий одамларга нима беради? Бу мамлакатнинг оддий резиденти учун ўрта муддатли истиқболда рақобатнинг кучайиши ва товарларнинг кенг ассортиментига кириши туфайли товар ва хизматлар сифатининг яхшиланишини англатади. Янги иш ўринлари ҳам пайдо бўлиши мумкин, меҳнат шароитлари яхшиланади. Масалан, импорт қилинадиган товарларга тарифларни пасайтириш нархларнинг арзонлашишига ва аҳоли учун сифатли товарлар мавжудлигини оширишга олиб келади.
Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг “синиши”га олиб келмайди, чунки протекционизм воситалари ҳукумат қўлида қолади. ЖСТ ушбу воситалардан фақат шаффоф ва оқилона фойдаланиш мажбуриятини олади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, аъзолик маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳимоя қилиш механизмлари, масалан, антидемпинг ва бошқа мамлакатлар томонидан субсидияланган экспортдан ҳимоя қилиш чораларига эга. Шунингдек, ташкилотга аъзолик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатига салбий таъсир кўрсатиши ва фермерлар импорт уруғини сотиб олишга мажбур қилиниши ҳақидаги миш-мишлар ҳам ўринсиз. ЖСТ санитария меъёрлари ниқоби остида савдода тўсиқлардан фойдаланишни рағбатлантирмайди ва импорт қилинадиган уруғлик ва наслчилик молларини сотиб олиш мажбуриятини юкламайди. Бу тадбиркорлар учун эркин танлов бўлиб қолади.
Қолаверса, ЖСТда иштирок этиш маҳсулотларни қайта ишлаш ва юқори сифатли сақлашни кенгайтириш имконини беради. Сир эмас, бугунги кунда мамлакатимизда мева етиштиришнинг салмоқли қисми йўқолиб бормоқда. Шунинг учун шарбатлар, концентратлар, консервалар ва бошқалар ишлаб чиқариш иқтисодиётга фойдали таъсир кўрсатади.
ЖСТга аъзо бўлгач, логистика соддалаштирилади. Халқаро стандартлар ва тартибларни жорий этиш орқали логистикани соддалаштириш мумкин, бу савдо тўсиқларининг қисқаришига ва товар айланмасининг тезлашишига олиб келади. ЖСТга аъзо бўлиш божхона бошқарувидаги ислоҳотларни, инфратузилмани такомиллаштириш ва замонавий технологияларни жорий қилишни назарда тутади. Бу эса логистика жараёнларини тезлаштириш ва харажатларни камайтиришга ёрдам беради. Йирик компаниялар учун муаммо божхона тўловлари ҳажмида эмас, балки импорт ва экспорт тартиб-қоидаларининг шаффофлиги ва мураккаблиги, импорт имтиёзларидан фойдаланадиган “махсус импортерлар”нинг йўқлигидадир. Бундай имтиёзларнинг мавжудлиги ички бозорда нархларни пасайтириш учун мўлжалланганга ўхшайди, лекин амалда бу рақобатни камайтиради, чунки ҳеч ким бож тўламайдиган компания билан бир бозорда ишлашни хоҳламайди.
ЖСТга аъзо бўлиш давлат томонидан имтиёзларга эга бўлган йирик корпорациялар ва табиий монополияларнинг бизнесига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Аммо бундай компаниялар музокаралар жараёнининг бир қисмидир ва улар учун кутилмаган ҳодисалар бўлмайди. ЖСТ компанияларга ўз бизнес моделлари ва жараёнларини бозорни либераллаштиришга мослаштириш имконини берадиган ўтиш даврини назарда тутади. ЖСТга аъзолик рақобат муҳитида ишлаётган ўрта, кичик ва ҳатто йирик корхоналар учун фойда келтиради, чунки у технология ва экспорт бозорларига киришни осонлаштиради. Бу тадбиркорлар фойдалана олиши керак бўлган имконият ойнаси бўлади. Эски усулда ишлаётганлар рақобатда хорижий компанияларгагина эмас, маҳаллий, самаралироқ ва илғор компанияларга ютқазиши мумкин.
Фуқаролар учун товарларнинг ассортименти, сифати ва мавжудлиги аста-секин кенгаяди, янги иш ўринлари очилади. Савдони либераллаштириш даромад ўсишини қўллаб-қувватлайди. Ёддан чиқармаслик керак бўлган асосий нарса шундаки, бу жараёнларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида содир бўлмайди. ЖСТ шунчаки воситадир. Аъзоликнинг қанчалар самарали бўлиши турли соҳалардаги ҳокимият органлари, корхоналар ва мутахассисларга боғлиқ.
Юқори суръатларда иқтисодий ўсиш кафолати
Масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратсак. Экспортчиларимиз учун нозик масала — Ўзбекистоннинг икки марта қуруқлик билан ўралгани. Жуда кўп давлатлар денгизга туташ ёки битта давлатни кесиш билан маҳсулот ишлаб чиқарувчилар денгизга чиқиши мумкин. Яъни, улар ўзининг экспорт маҳсулотларини дунё бозорига арзон олиб чиқа олади. Биз эса мана шу жиҳатдан ютқазамиз.
Маҳсулотимизни арзонлаштириш учун биринчи ўринда логистика харажатларини камайтириш керак бўлади. Эътиборлиси, ЖСТга аъзо бўлсак биринчи ўринда тарифлар камаяди. Тариф камайса, кўпроқ маҳсулот кириб келади. Кўпроқ маҳсулот — бу кўпроқ таклиф, дегани. Кўпроқ таклиф — бу арзонроқ нарх ва кўпроқ товарлар, дегани. Мана шу ҳолатда экспортчилар ҳам ютиши мумкин. Яъни, ЖСТга аъзо бўлиш орқали арзон маҳсулотлар нафақат истеъмолчиларга, балки ишлаб чиқарувчиларга ҳам етказилади. Хомашё энди арзонроқ кириб кела бошлайди. Сиз бирон нарсани илгари 100 долларга олсангиз, энди ўша нарсани 80-70 долларга олишингиз мумкин. Нафақат бозорнинг арзонлашишига, балки ишлаб чиқарувчиларнинг ўзига ҳам маҳсулотнинг таннархини арзонлатиб, дунё бозорига чиқиш учун имкониятлар яратилади.
Бундан ташқари, инвесторларнинг ҳам Ўзбекистонга киришига ишонч беради. Уларда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмаслиги борасида тасаввурлар кенгаяди. Бу Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини оширади. Экспорт пайтида турли низоларнинг олдини олишга ёрдам беради, чунки ЖСТнинг можароларни ҳал қиладиган қўмитаси бор. Шу маънода, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши ташқи иқтисодий сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб, келажакда Ўзбекистон иқтисодиёти истиқболи айнан шу жараёнга боғлиқ.
ЖСТга аъзо мамлакат ўз савдо шериклари ҳамда ички ва хорижий товарлар, хизматлар ва шахслар ўртасида дискриминация ўтказмаслиги керак. Музокара орқали мавжуд савдо тўсиқлари аста-секин бартараф этилади. Ташкилот қоидалари экспортни субсидиялаш ва демпинг каби “адолатсиз” фаолиятга тўсқинлик қилади. Етарли даражада ривожланмаган, ўтиш даврида бўлган давлатларга махсус режимлар тақдим этилади. Савдо сиёсатининг ҳалоллиги туфайли давлатлараро савдо муносабатларида носоғлом рақобатни инкор этиб, соғлом рақобат асосида олди-сотди операцияларини амалга оширишга ундайди. Юқорида айтилганидек, ЖСТга аъзо мамлакатларнинг ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларида юзага келадиган ҳар қандай келишмовчилик фақат тинч йўл билан, музокара орқали ҳал этилади.
Умуман, ЖСТга аъзолик Ўзбекистоннинг юқори суръатларда иқтисодий ўсишининг кафолати ҳисобланади. Барча 166 та аъзо мамлакатнинг бозорларига кириш учун тенг ҳуқуқли имконият пайдо бўлади. Рақобат муҳити яхшиланади ва монополиянинг олди олинишига эришилади. Инфляция даражаси камаяди, экспортчиларимизнинг ташқи савдода ҳуқуқи ҳимоя қилинади. Аҳамиятли жиҳати, бизга жаҳон миқёсидаги савдо сиёсати бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Муҳиддин Пўлатов,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори.