“Ўзбекнефтгаз”АЖ нефть ва газ маҳсулотларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги "Иқтисодиёт ва аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, нефть ва газ саноатини бошқариш тизимини молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан «Ўзбекнефтгаз» учта асосий йўналишда фаолият юритувчи жамиятларга бўлинди. Бу ҳақда жамият ахборот хизмати маълум қилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть ва газ маҳсулотларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
“Ўзтрансгаз” АЖ ички бозорда газни сотиш, ташиш ва харид қилувчи ташкилот ҳисобланади.
“Ҳудудгазтаъминот” AЖ Республика бўйича истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминловчи ташкилотдир.
“Муборакнефтгаз” МЧЖ, “Шўртаннефтгаз” МЧЖ, “Устюртгаз” МЧЖ, “Газлинефтгазқазибчиқариш” МЧЖ, “Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ юридик шахс ташкил қилмасдан “Ўзбекнефтгаз” AЖга қўшилди ва нефть ва газ қазиб олиш ва газни қайта ишлаш бошқармаларига айлантирилди.
“Нефтегазинвест” МЧЖ, “Нефтегазэкспорт” МЧЖ, “Ўзнефтегазгеология” МЧЖ “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибига қўшилган ҳолда фаолияти тўхтатилди.
“Ўзбекнефтгаз” AЖ, “Ўзнефтгазқазибчиқариш” AЖ, “Ўзнефтмаҳсулот” AЖ, "Ўзнефтгазмаш" AЖларни қайта ташкил этиш жараёни ниҳоясига етказилди.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан барча турдаги истеъмолчиларни қиш-куз мавсумида узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида октябрь ойига нисбатан ноябрь ойида ўртача кунлик қўшимча 5 миллион куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилди.
Ҳозирги кунда Республика истеъмолчиларининг эҳтиёжи учун табиий газ қазиб чиқариш хажмини ошириш бўйича қўшимча дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, келгусида табиий газга бўлган эҳтиёжни таъминлаш мақсадида тегишли чоралар кўрилмоқда.