Ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар учун ижара ҳуқуқи эътироф этилди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги, ўнинчи сессияси ўтказилди.

Сессия ишини Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарди.

Дастлаб ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда 2018 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга ва ер участкаларига ҳуқуқ беришни тартибга солувчи “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган ва 2024 йил 8 ноябрдан кучга кирган.

Вилоят кадастр органлари томонидан дастлабки хатлов натижаларига кўра, вилоятда 400 мингдан ортиқ фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқлари эътироф этилмаганлиги аниқланган.

Қонуннинг 13-моддасига асосан, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ҳар йилги режа асосида амалга оширилади. Режа-жадвал Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таклифига кўра, кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган ва https://etirof.kadastr.uz/ сайтида эълон қилинган.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Сатторовнинг қайд этишича, мазкур режа-жадвалга кўра, вилоятимизда 2024 йилда 47 та, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 75 та маҳаллада хатлов ишлари олиб борилиши белгиланган бўлса-да, 1 апрель ҳолатида 47 маҳаллада бу иш амалга оширилган.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида шу пайтгача 39 маҳаллада хатлов ўтказилиши режалаштирилганига қарамай, 2 тасидагина бу жараён кечган.

Сессияда режа-жадвал бўйича хатлов ишларини ҳар бир маҳаллада ўз вақтида олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят адлия бошқармаси томонидан ваколатли ташкилотлар хулосаси асосида қонун бўйича дастлабки 30 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш тўғрисида Кенгаш қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг, “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали директори А.Муҳаммадиевнинг вилоят ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида газ таъминоти тизимини яхшилаш борасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилга мўлжалланган режалар юзасидан ҳисоботи тингланди.

Депутатлар табиий газ ва суюлтирилган газ етказиб беришда мавжуд муаммолар бўйича масъулга саволлар бериб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаров жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар, жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

Қайд этилишича, амалга оширилган профилактик чора-тадбирларга қарамасдан, ҳисобот даврида вилоят бўйича умумий жиноятлар 848 тадан 2169 тага кўпайган. Бу жиноятларнинг 885 таси (41 фоизи) ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган, яъни фуқаролар телефон қўнғироқлари ёки интернет орқали фирибгарлар тузоғига тушиб қолган

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 1261 нафар аёлга ҳимоя ордери берилиб, зўравонлик содир этган шахслар устидан таъсирчан назорат ўрнатилган (ўтган йил биринчи чорагида 470 нафар аёлга шундай ордер берилган). Зўравонликка учраган хотин-қизларнинг 6 нафарини вояга етмаганлар, 330 нафарини ёшлар ташкил қилди.

Йилнинг биринчи чорагида вилоятдаги 1126 маҳалланинг 815 тасида жиноят содир этилмаган. Жиноят қайд этилган 311 та маҳалланинг 63 таси “қизил”, 248 таси “сариқ” тоифадаги маҳаллалар ҳисобланади.

Аёллар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бу турдаги жиноятлар 50 тадан 44 тага камайди.

Кун тартибига мувофиқ, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 20 декабрдаги “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Булунғур туманини жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга ошириладиган 28 та лойиҳани молиялаштириш учун 70 миллиард сўм маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, сессияда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.