Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма
- Аҳволим чатоқ, раис бобо, - дея юзланди тадбиркор маҳалла оқсоқолига. - Дўконимни яна тунаб кетишибди. Ўзингиз ёрдам қилиб юбормасангиз бўлмайди.
- Яна ўша дўконда ўғирликми? Минг марта айтдик, ҳой барака топкур, дўконинга кузатув камераси қўй, деб. Фақат бир хил гап. “Эртага шу матоҳни қаердан бўлсаям топиб келаман”, дейишдан нарига ўтмайсан. Қара, бугун яна мулзам бўлиб келиб ўтирибсан.
Минг афсуски, истаймизми, истамаймизми, шунга ўхшаган воқеаларни эшитяпмиз, кўряпмиз. Туман мисолида оладиган бўлсам, 2020 йил 61 та жиноят содир этилган бўлса, 2021 йил жиноятлар сони 123 тага етган. Шуларнинг аксарияти ўғирлик билан боғлиқ. Маҳаллаларда ички ишлар ходимлари билан шунча тарғибот ишларини олиб борсак-да, жиноятлар камаймаяпти. Ачинарлиси, жиноятларнинг 57 фоизини ёшлар ташкил этмоқда.
Маҳаллалар кесимида оладиган бўлсак, “Тараққиёт”, “Дўстлик”, Алишер Навоий номли, “Накурт”, “Зарафшон”, “Полвонариқ” маҳаллаларида жиноятлар сони ошган. “Фидокор”, “Жувозхона”, “Истиқлол”, “Шўртепа”, “Дарвишиқ” маҳалла раисларига раҳмат айтишимиз керак. Мазкур маҳаллаларда икки йилдан буён биронта жиноят содир этилмаган.
Мақоламиз аввалида кузатув камералари ҳақида сўз борган эди. Бу ҳақда ҳозирда тадбиркорларимиз билан унинг афзаллиги хусусида суҳбатлар уюштиряпмиз. Бугун 352 нафар тадбиркоримиз кузатув камералари ўрнатган. 155 нафар тадбиркор имконияти бўла туриб, кузатув камераларини ўрнатмай турибди.
Энди ўзингиз ўйланг, кузатув камераси бор тадбиркорнинг иши яхшими ёки йўғининг. Кузатув камераси бор тадбиркор хотиржам бўлади. Ким келяпти, ким кетяпти, ҳаммасидан хабардор. Агар ўғирлик ёки шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлса, бирдан топилади-қўяди. "Унга югур, бунга югур"ларга ўрин қолмайди. Демак, бундай камераларга эҳтиёж бор. Халқимизнинг "Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма", деган нақлини ҳам бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Нуриддин Қаршиев,
Пайариқ тумани маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш бўлими бош мутахассиси.