"Озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланишми?": Кремль ғалла битими бекор қилинганини эълон қилди
Россия томонидан Қора денгиз йўли орқали ғалла экспорти бўйича имзоланган халқаро шартнома доирасида кеча Истанбулда сўнгги украина ғалласи ортилган кема кўрикдан ўтди. Москва Қрим кўпригининг бир қисмини қулатган икки портлашдан бир неча соат ўтиб “дон келишуви”дан чиққанини эълон қилди.
Бу ҳақда Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди. Кремль вакилининг сўзларига кўра, бу Россия талаб қилган келишув шартлари бажарилмагани туфайли содир бўлган, деб ёзади “Интерфакс”.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия кема қатнови хавфсизлиги кафолатларини чақириб олиши ва Қора денгиз шимоли-ғарбий қисмидаги денгиз гуманитар коридорини чеклаш, шунингдек, у ерда вақтинчалик хавфли ҳудуд режимини тиклаётганини маълум қилган. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, “Қора денгиз ташаббуси” 18 июлдан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатади, Истанбулдаги қўшма мувофиқлаштириш маркази тарқатиб юборилади.
Россия ва Украина Туркия ва БМТ иштирокида 2022 йил июль ойида Қора денгиз портларидан ғалла экспорти бўйича келишув имзолаган эди. Ўшандан бери у бир неча бор узайтирилган.
Россия келишувни узайтириш учун бир қанча шартларни илгари сурмоқда. Улар орасида аммиакнинг Украина орқали Европага тўсиқсиз етказиб берилиши, шунингдек, Россия Қишлоқ хўжалиги банкининг санкциялар остида узилган SWIFT тизимига уланиши ҳам бор.
“Россиянинг “Ғалла битими”дан чиқиши миллионлаб одамларга очлик билан таҳдид қилмоқда”, - деди БМТ Бош котиби. Антонио Гутеррес Москвани ўз фикридан қайтишга чақирди.
Европа ҳам четда қолмади. Германия канцлери Олаф Шольц шундай деди:
"Бунинг ортида нима борлигини ҳамма тушунади, бу аслида Россия дунёда одамлар яхши яшаши учун жавобгарликни ҳис қилмаслиги билан боғлиқ."
Украина ва Россия дунёдаги энг йирик дон экспортчиларидан бири бўлиб, ушбу экспортсиз дунёда ғалла нархи ошиб кетиши кутилади.