Бу йилги ғалланинг харид нархи қанча бўлади?

Вазирлар Маҳкамасининг 11 июндаги “2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2024 йил ҳосилидан суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 2,5 тоннадан, жами 2 миллион 550 минг тонна буғдойнинг 1 миллион 513 минг тоннаси фермер хўжаликлари ҳамда бошқа буғдой етиштирувчилар томонидан кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тижорат вакилида вақтинчалик сақлашга қабул қилинади. 837 минг тоннаси товар буғдой давлат ресурси сифатида ва 200 минг тоннаси уруғлик учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилинади.

2024 йил ғалла ҳосилидан бошлаб давлат ресурси сифатида товар буғдойни харид қилиш жараёнида ҚҚС ҳисобга олинмайди ва сотишда солиқ солиш базасига киритилмайди. Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган тижорат банклари томонидан Жамғарманинг тижорат вакили ҳисобварағидаги дебит айланмасидан давлат ресурси сифатида товар буғдойни харид қилиш жараёнида банк хизматлари ундирилмайди. Давлат ресурси сифатида ҳамда вақтинча сақлашга қабул қилинадиган буғдойнинг сифати, сақланиши ҳамда харидорларга юклаб жўнатилишида товар буғдойнинг сифати бўйича назорат “Ўзагроинспекция” томонидан амалга оширилади.

Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси маълумотларига кўра жорий йилда вилоятимиздаги 4645 та фермер хўжалиги 2024 йил ҳосили учун 94,2 минг гектар суғориладиган майдонда ғалла етиштирди. Қарор иловасида келтирилишича, вилоятимизда жами 228 минг тонна дон омборларга қабул қилинади. 214 минг 750 тоннаси товар буғдой, шундан  76150 тонна давлат ресурси сифатида харид қилинади. 138 минг 600 тонна дон вақтинча сақлашга ва 13250 тонна дон уруғлик учун қабул қилинади. Шунингдек, жорий йил етиштирилган ҳосилни биржа савдоларида сотиб олинган 3 синф маҳаллий буғдой учун қўшилган қиймат солиғи билан биргаликда тоннасига 2 миллион 988 минг сўм этиб белгиланган.   

2022 йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан  донни қабул қилиш ва омборлардан чиқариш бўйича d-xarid.uz ахборот тизими ишга туширилганди. Жорий йилдан ғаллани сақлаш имкониятига эга бўлган субъектлар Жамғарманинг тижорат вакили ҳисобланади. Улар товар буғдойни харид қилиш ва сотиш бўйича электрон ҳисобварақ-фактура ҳисобини юритади ва d-xarid.uz ахборот тизимига киритиладиган молиявий ҳисоб-китоблар ва маълумотларнинг тўғрилигига жавобгар бўлади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.