Самарқандда ғалла ўрими бошланди
Бу йил вилоятнинг 13 туманида 14 та ғаллачилик кластери ҳамда 4651 та фермер хўжалиги томонидан 94,2 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари парвариш қилинди.
- Суғориладиган майдонлардан 723 минг тонна (ўртача ҳосилдорлик гектарига 76,8 центнер) ялпи ҳосил етиштириш кўзда тутилган, - дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси шуъба бошлиғи Тоҳир Дувланов. - Шундан давлат захираси учун 235 минг тонна ғалла жамғарилади.
Етиштирилган ҳосилни қисқа фурсатда йиғиштириб олиш, мавсумни талафотсиз ўтказиш учун ўрим-йиғим ишларини бошлаш бўйича график-режа тасдиқланган. Бунда биринчи навбатда нисбатан иссиқ бўлган жанубий ҳудуд - Пахтачи, Нарпай, Нуробод, Каттақўрғон, Иштихон ва Паст Дарғом туманларида далалар танланиб, ўрим ишларига киришилди.
Ўрим-йиғим ишларини ташкил этиш учун вилоятда 269 та отряд тузилди. Уларга 269 та ғалла ўриш комбайни бириктирилди. Бундан ташқари, 1108 та дон, 161 та ёқилғи ташиш техникаси, 73 та кўчма устахона ҳам ғалла ўрим-йиғим ишларида қатнашади.
Жорий йилда жами 21 дона янги комбайн харид қилинди ва айни пайтда ўримга киришди.