Пандемия
Бу сўзнинг луғавий маъноси, албатта, бошқача. Лекин шу кунларда мен унда “панд” ўзагини ажратиб, ўзимча турли хаёлларга боряпман-да. Ўз тилимизда бу сўз маъносини кўрадиган бўлсак, панд емоқ – алданмоқ, алдаб зиён етказмоқ ёки панд бермоқ – панд насихат қилмоқ, ўгит бермоқ маънолари англанади. Бу маънолар бугунги кунимизга мос келадигандек. Шундай эмасми?
Икки ойдирки карантиндамиз. Хайрли бўлсин! Ҳар бир ишнинг бир хайрли томони бўлади, дейишади. Бизнинг халқимиз ниҳоятда қалби тоза, бағрикенг. Меҳнат қилиб пешона тери билан кун кўради. Назаримда, карантин пайтида ҳам ҳеч ким ётиб олган эмас. Белгиланган тиббий-санитария қоидаларига амал қилган ҳолда деҳқон деҳқончилиги, тадбиркор ишбилармонлиги, ўқитувчи таълим-тарбия бериш иши билан шуғулланаяпти. Базан уйда ижод қилиб ўтирар эканман, ўйлайман – хайрли томони шу бўлса керак-да бир неча йилдан буён топширолмаётган “Кечинмалар поэтикаси услубий маҳорат қирралари” номли илмий-оммабоп рисолалар тўпламимни тахлаб топширдим. Шу икки ой давомида ёзган икки достоним ва бир неча шеърий асарларимни йиғиб, “Таважжуҳ” номи билан ноширларга тақдим этдим. Ҳозир шеърлар тўпламим устида ишлаяпман.Уч йилдан буён ўтириб ишлашга вақт тополмай бирорта ҳам китоб чоп эттиролмагандим. Энди шуларни ҳиссасини чиқаришим керак. Лекин барибир ичимда бир савол айланаверади – “Нима қиляпсан?”.
Китоб ўқишга вақт тополмасдик. Ёнимга қарасам, стол устида ўқилган китоблар тахланибди. Габриэл Гарсиа Маркеснинг”Бузрукнинг кўзи” романи, Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир” номли фалсафий-маърифий рисоласи, Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” номли ҳикоялар ва ҳидоятлар тўплами. Яна бир қатор севимли шоиру шоираларимнинг китоблари. Қанийди шу китобларни ҳамма ўқиса, деган фикр ўтади кўнглимдан.
“Насойим ул-муҳаббатни”ни қўлимга оламан. Бу китобдаги ҳикоят ва ҳидоятларни Олимжон Давлатов насрий баён этган. Мана улардан бири – нафс истаги ҳақида:
“Ато Бинни Сулаймон бемор эди. Қуёш тиғида ётганди.
Дедилар: - Нега сояга бориб ётмайсан?
Деди: - Сояга борардим, аммо қўрқаманки, дегайлар, нафс истагида қадам қўйдинг!”
Қаранг, бугун биз нафсимизнинг хўжаси бўла оламизми? Бўлолмасак бунинг сабаби нимада? Бизга нима етишмаяпти?
Эрталаб, ишга бориш учун йўлга чиқаман. Автобус, такси йўқ. Хусусий машина келиб тўхтайди. Борадиган манзилимни айтиб, йўлкирани сўрайман. Аввалгидан икки баробар қиммат нархни айтади. “Тавба, ҳозир одамлар кўчага зарурат учун, мажбурликдан чиқади. Рўзачилик, савоб деган нарсалар қаерда қолди?” деб ўйлайман. Ва беихтиёр Ато Бинни Сулаймоннинг нафси ёдимга тушиб, унга таъзим қилгим келади.
Яна бир ҳикоятда нафс ва маърифат ҳақида шундай дейилади:
“Ҳусайн Мансур Ҳалложнинг ўғли Аҳмад дедики, отамнинг сўнгги кечасида ундан васият талаб қилдим.
Деди: - Нафсинг сени бир шуғулга солишидан олдин нафсингни бир нима билан машғул қил!
Дедим: - Васиятга бир нима қўшинг.
Деди: - Барча хизматга киришган пайтда сен бир нимани ўзлаштирмоққа ҳаракат қилким, унинг бир зарраси икки олам илмидан улуғроқ ва яхшироқ бўлгай.
Сўрадим: - Ул недур?
Дедиким: - Маърифат”.
Маърифат сўзининг луғавий маъноси “кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия”дир. Ана шу сўзнинг антоними эса жоҳиллик. Энди ўзингиз ўйланг – нима учун юртимизда жаҳолатга қарши маърифат билан куришиш моҳиятини.
Яна китобни варақлайман:
“Хўжа Абдуллоҳ Ансорий дебдурким, Исмоил Даббос дедиким, ҳаж ниятида сафарга чиқиб, Шерозга етишдим. Бир масжидга кириб, Шайх Мўмин Шерозийни кўрдимки, ўтириб, хирқасига ямоқ соларди. Саломлашдим ва ўтирдим.
Мендан сўради: - Не ниятинг бор?
Дедим: - Ҳаж ниятим бор.
Деди: - Онанг борми?
Дедим: -Бор!
Деди: -Қайтиб онанг хизматига бор!
Бу сўз менга хуш келмас эди.
Деди: - Нега тўлғонасан? Мен бош яланг, оёқ яланг, ёлғиз ва озуқасиз эллик марта ҳаж қилганман. Барчасини (савобини) сенга бердим. Сен онанг кўнгли шодлигини менга бер!”
Оллоҳ ҳар биримизни маърифатга ошно қилсин! Қўлимдаги китобни қўйиб яна шеър ёзишга тушаман...
Эрта-индин уйларимиз нурга тўлар,
Қалбимизга қуёш кирар бир чароғон.
Юртимизнинг бошидаги дарди ариб,
Кўчаларда байрам бўлар шод-у хандон.
Эрта-индин тўртта тараф хавотирсиз,
Бир-бировга қучоқ очиб боқамиз биз.
Ўпкамизни ҳаволардан тўсиб турган,
Ниқобларни ўтга ташлаб, ёқамиз биз!
Эрта-индин гузарларда тўйлар бўлар,
Гулдек яшнаб, ифорларга тутинамиз.
Ер-у осмон хавфсиз бўлар, шу ланати,
Тождор вирус балосидан қутиламиз.
Бугун эса, уйда қолиб, сабр билан,
Ўзимизни бир оз чеклаб, кутаяпмиз.
Карантиннинг тартибларин кўзда тутиб,
Ҳам ўқиб, ҳам сизга дилхат битаяпмиз.
Ҳар не қора ниятларни йўлин тўсиб,
Бирикамиз, бу курашда ҳақ бўламиз.
Эзгуликлар томон шахдам одимлаган,
Ғалабаси буюк, битта халқ бўламиз.
Эрта-индин кўчаларда шодон чопиб,
Бизни қарши олар, қа-а-й-ноқ, ҳаётимиз.
Бугун эса бир оз махзун, бир оз ўктам,
Дунёларга бўйлаб турар, баётимиз...
Жумагул СУВОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.