Экология учун 20 минг туп кўчат

Ургут туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида оммавий кўчат экиш тадбири ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик партияси, Ўрмон хўжалиги агентлиги ва Ургут тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир қатнашчилари тумандаги “Анора Асадбек мевали боғи” фермер хўжалигининг 2 гектар ер майдонида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазди.

Масъулларнинг қайд этишича, бу ерда турли хилдаги 20 минг туп кўчат экилади. Мевали дарахт кўчатлари ўсиб, ҳосилга киргунига қадар қатор ораларида сабзавот маҳсулотлари етиштириш кўзда тутилган.

– “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ушбу тадбир партиямизнинг муҳим ташаббусларидан бири бўлиб, экологияни яхшилаш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиш мақсадида ташкил этилди, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Экологик партия депутатлик гуруҳи аъзоси Феруза Хонкелдиева. – Бу орқали биз барча юртдошларимизни, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларини табиатга эътиборли бўлишга ва атроф муҳитни асрашга даъват этамиз. Умуман, партиямиз вилоятимизда кузги мавсумда 6 миллион 125 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва уларни парваришлашни ташкил этишда фаол иштирок этиш билан бирга жамоатчилик назоратини ўрнатишни мақсад қилган.

Тадбир доирасида фермер хўжалигида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди.