“Парламент ўйинлари”: Депутатлар спортда имкониятларини синади
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари ўртасида спортнинг волейбол, бадминтон, минифутбол ва теннис турлари бўйича Олий Мажлис Сенати раиси кубоги учун “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларининг вилоят босқичи якунланди.
Мусобақанинг бугунги - иккинчи кунида депутатлар минифутбол ва теннис бўйича беллашди. Минифутбол баҳсида булунғурликлар барча рақибларидан устун келиб, ғалабага эришди. Оқдарё тумани жамоаси иккинчи, Пахтачи тумани жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
- Бу каби спорт мусобақалари, энг аввало, соғлом турмуш тарзини таъминлайди, - дейди булунғурлик беллашув қатнашчиси, депутат Хуршид Бозоров. – Бизнинг жамоа ўтган йили ҳам барча рақибларидан устун келиб, “Парламент ўйинлари” чемпионига айланганди. Энди ҳудуд босқичларида ҳам вилоятимиз шаъни учун астойдил курашамиз.
Теннис бўйича эркаклар ўртасида пахтачилик Жасурбек Қурбонов 1-ўрин, нурободлик Улуғбек Холиқулов 2- ва пайариқлик Шохруҳ Мирзақулов 3-ўринга сазовор бўлди. Аёллар ўртасида Самарқанд шаҳридан Озода Назарова 1-ўрин, Пайариқ туманидан Соҳиба Норбоева 2-ўрин, Нарпай туманидан Руқия Шукурова 3-ўринга эгалик қилди.
- “Парламент ўйинлари” кўтаринки руҳда ўтди, - дейди оқдарёлик мусобақа иштирокчиси Маъруфхон Қорабоев. – Биз “Спорт билан яша, спортни сев!” шиори остида туманимиз шарафини ҳимоя қилдик. Ҳамжиҳатликда ва фаол иштирок этиб, юқори ўринни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Бундай ўйинлар кўпроқ ўтказилишини истардим. Келгусида барча туман депутатлари билан ҳамкорликда спорт ўйинларини янада кенгайтиришни мақсад қилдик.
Мусобақа якунида ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Жасурбек ШУКУРОВ.