Партия вилоят Кенгаши раиси чекка қишлоқларда яшовчи кам таъминланган оилаларнинг ҳолидан хабар олди

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати, O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши раиси Шерали Юлдашев Каттақўрғон туманидаги Жизмонсой маҳалласида яшовчи кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олди. Уларга  эҳсон улашди, муаммоларини ўрганди.

Жумладан, ёлғиз аёл Ширин Исломова 57 ёшда бўлишига қарамасдан ёшга доир нафақага чиқа олмаётганлигидан арз қилди. Депутат шу ернинг ўзида  Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси раҳбари билан телефон орқали боғланди. Мурожаатчига қонун доирасида белгиланган тартибда тез кунларда амалий ёрдам бериладиган бўлди.

Учрашувда I гуруҳ ногирони Сайдулло Умаров уйининг томи шифер қилинмаганлиги туфайли ёғин-сочин кунларида чакка ўтиши, таъмирлашга имкони йўқлигини айтди. Ушбу муаммо бўйича партия вилоят кенгаши раҳбари саховатли тадбиркорлар кўмагида бу муаммони ҳам ҳал қилишини айтди. Хонадон соҳибларига фақат кўмакка қараб қолмаслиги, бўш турган томорқасидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берди.

Шунингдек, Ш.Юлдашев ушбу оилаларга паррандачилик ва чорвачилик билан шуғулланишлари учун ҳам амалий кўмак беришини, Жизмонсой қишлоғида тадбиркорлик қилиш истаги бор фуқароларга эса имтиёзли кредитлар олишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди. 

Бахтигул Қаршиева,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши матбуот котиби.