Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Паст Дарғомда 4 нафар абитуриентни тиббиёт институтига киритиб қўйиш эвазига 48 минг доллар талаб қилган ўқитувчи қўлга олинди (видео)

Айни кунларда мамлакатимизда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтаётган бир вақтда, абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилаётган «уддабуронлар» ҳам учраб турибди.

Хусусан, Паст Дарғом туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг математика фани ўқитувчиси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 4 нафар абитуриентни Самарқанд тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади ва уларнинг ҳар бири учун 12 минг АҚШ долларидан, жами 48 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахс келишилган пулдан 40 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд педагогика коллежида ўқитувчи бўлиб ишловчи, 1975 йил Иштихон туманида туғилган шахс эса алдов йўли билан маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида жойлашган «Мирас» университетига ўқишга киритиб қўйиш учун ундан 5500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ушбу ишларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.