Паст Дарғомнинг олис қишлоғида янги корхона иш бошлади

Туманнинг Нуробод билан чегара ҳудудида жойлашган Янги авлод маҳалласида тикувчилик фабрикаси ишга туширилди. Натижада 150 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Мазкур фабрикада йилига 4,2 миллиард сўмлик, 12 минг донадан ортиқ махсус кийимлар ва бошқа трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Асосийси, бу маҳаллада ишсизлик муаммоси билан қийналаётган хотин-қизларни хурсанд қилди.

Тикувчилик қўлимдан келарди, - дейди маҳалланинг Уску қишлоғида яшовчи Фазилат Умбарова. – Яқинларимга миллий либослар тикиб бериб турардим, аммо доимий даромад манбаига эга эмасдим. Корхона очилгани кўнглимиздаги гап бўлди. Бу ерда зарур шароитлар яратилган. Ойликлари ҳам яхши экан. Қолаверса, бинонинг учинчи қаватида спорт зал ташкил этилган. Фарзандларимиз дарсдан бўш вақтида ҳам кўз олдимизда шуғулланишади.
Корхона атрофида қўшимча ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ҳам ташкил этиш режалаштирилган.

Нозима Каримова,
Тўлқин Сиддиқов,
Шаҳбоз Самадов (фото+видео).