Пахтачида 30 июндан 7 июлгача карантин чекловлари кучайтирилди

Пахтачи туманига чегарадош бўлган Навоий вилояти ҳамда Нарпай туманларида юзага келган вазиятни инобатга олиб, туман аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш мақсадида жорий йилнинг 30 июнь санасидан 7 июль санасига қадар карантин ҳолати эълон қилинди:

- карантин даврида аҳолини, шунингдек, йўловчи ташувчи транспорт воситаларини (давлат идораларининг хизмат машиналари бундан мустасно) туман ҳудудига барча чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши белгиланган тартибда тўхтатиш;

- туман ҳудудида барча бозорлар (озиқ-овқат ва кўчма савдо дўконлари бундан мустасно), кўнгилочар объектлар, шу жумладан, тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари ҳамда маиший хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти ўрнатилган тартибда тўхтатиш;

- туман ҳудудида барча турдаги оммавий тадбирлар, шу жумладан, байрам тадбирлари ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) тўхтатиш;

- белгиланган тартибда мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёнларини тўхтатиш;

- коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш;

- давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатишни имкон қадар “онлайн” режимга ўтказиш чораларини кўриш лозим.

Идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотлар раҳбарлари (иш берувчилар) қуйидагиларга риоя этишлари шартлиги юзасидан белгиланган тартибга қатъий амал қилсинлар:

- ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини мажбурий жорий этиш;

- иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимларни иш жойида бўлишига йўл қуймаслик ҳамда ушбу ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар етказиш;

- давлат санитария назорати органларининг талабномасига мувофиқ коронавирус инфекциясини юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш чораларини кўриш;

- ходимларга изоляция режимида бўлишга оид талабларга риоя этишда кўмаклашиш талаблари қўйилди.