Пахтачидан бонг: “Суюлтирилган газ беришганига икки ой бўлди, газ таъминоти мутасаддиларининг эса “ваъдалар қопи” ҳамон бўшагани йўқ”

Очиғини айтсам, Самарқанд вилоятида газ таъминоти соҳаси мутасаддиларида масъулият борлигига шубҳам бор. Вилоят ҳокими табиий газдан узилган жойларга суюлтирилган газ етказиб бериш масаласида уларга қанчалик қатъий топшириқлар берганидан яхши хабардорман. Аммо газ таъминоти вакиллари ўз вазифасига доимдигек муносабатда. Айниқса, Пахтачи туманида.

Бизнинг Сардоба маҳалламизга охирги марта 2 декабрь куни суюлтирилган газ келган эди. Мана, икки ой бўляпти шунга ҳам.

Ҳатто электр энергияси чеклов билан берилаётган шундай вақтда суюлтирилган газни ҳам эплаб етказиб беришолмаяпти. Мутасаддилар билан боғлансак, аниқлаштирамиз, деган сўздан нарига ўтишмайди. Афтидан, соҳада таниш-билишчилик ҳам тарқалиб бўлган, чунки туманнинг суюлтирилган газ ўз вақтида етказилмаётган айрим ҳудудларида алоҳида машинада бир-икки фуқарога СУГ бериб кетилаётгани ҳақида аниқ маълумотлар бор.

Хўп, қолганлар-чи? Мутасаддилардан бу ҳолатга аниқ изоҳ кутамиз. Вилоят газ таъминот мутасаддилари “Аниқлаштирамиз, суриштирамиз”, деб кейин телефонни кўтармай қўйиш каби навбатчи ҳолатларга чек қўйсак, яхши бўларди”.

Ғолиб Абдусаломов,

журналист.