Пахтадан юқори даромад олинг, имтиёзлардан фойдаланинг!

Вилоят фермерлар кенгаши Раёсати аъзолари фермерларга мурожаат қилди.

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа фидойилари!

Бугунги мураккаб глобал иқтисодий шароитда, озиқ-овқат хавфсизлиги дунё миқёсида долзарб масалага айланиб бораётган бир пайтда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд ресурслар ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини икки баробарга кўпайтириш, юқори ҳосил олиш, аграр соҳада янги иш ўринларини яратиш муҳим вазифалардан бири эканлигини барчамиз ҳис этиб турибмиз.

2025 йилнинг ўтган уч ойида Юртбошимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар орқали Сиз, фермер ва қишлоқ хўжалиги субъектларига катта имконият ва имтиёзлар яратилди.

Биринчидан, солиқ юки енгиллаштирилди, 2025 йил 19 мартдаги ПФ-50-сонли Фармонга мувофиқ, фермер хўжаликларининг солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланган пенялар ҳисобдан чиқарилди, ижро ишлари тўхтатилди;

Иккинчидан, юқори ҳосил учун рағбат шакллантирилди. Президентимизнинг 2025 йил 28 мартдаги ПҚ-131-сон қарорига асосан, пахтадан 50 ц/га, ғалладан 80 ц/гадан юқори ҳосил олган фермерларга бир қатор имтиёзлар жорий этилди:

- ижарага олинган ерларнинг 25 фоизига алмашлаб экиш ҳуқуқи (чорва озуқаси, сабзавот, мойли экинлар);

- фермерлар кенгаши аъзолик бадали 0,6 фоиз ўрнига 0,3 фоиз этиб белгиланди;

- ер солиғида базавий ставкага нисбатан мутаносиб равишда 3 каррагача камайтирувчи коэффициентлар қўллашга рухсат берилди.

Учинчидан, Президентимизнинг 2025 йил 8 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ер майдони 5 гектардан кам бўлмаган хўжаликларга ўзларига қарашли ерларнинг дала четларида ички хўжалик ер тузиш лойиҳасига мувофиқ, жами ер майдонинг 1 фоизига, лекин 20 сотихдан кўп бўлмаган ерга музлаткичли омборхоналар, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сув тежовчи технологиялар ва сув сақлаш объектларини қуришга рухсат берилди.

Бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан, барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан чигитни ҳам ўз вақтида ерга қадаш биз фермер ва деҳқонларнинг асосий вазифасидир.

Апрель ойида бажариладиган агротехник тадбирларнинг аҳамияти пахта ҳосилдорлигини оширишда ниҳоятда муҳим. Негаки, ҳосилнинг эртаки, сифатли ва мўл бўлиши айни шу ойдаги меҳнат натижаси билан ўлчанади. Бободеҳқонлар таъбири билан айтганда, “Эрта эккан – эрта ўради”, шунинг учун чигитни ўз вақтида ерга қаданг.

Юқоридагидан келиб чиқиб, пахтадан юқори ҳосил олиш учун апрел-май ойларида, яъни “Долзарб бир ойлик”да биз фермерлар томонидан чигитни ўз вақтида ерга қадаб, агротехник тадбирларни амалга ошириш зарурлиги ҳамда эрта экиб қўшимча даромад олишингизни юракдан ҳис этиб, қуйидаги тадбирларга ҳар қачонгидан ҳам зиёда масъулият билан ёндошишингиз сўралади:

биринчидан, барча фермерлар узоғи билан 2-3 кунда тўлиқ чигитни экишни якунланг;

иккинчидан, 16-20 апрель кунларида ғўза майдонларида 150-200 кг азотли, 50 кг калий, 200 кг фосфорли (экиш билан берилмаган бўлса) ўғитлар билан 1-культивация ишларини сифатли ўтказинг;

учинчидан, 3 кун муддатда дала четларига сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ёки маккажўхори уруғи ва кўчатларини экишни якунланг. Хусусан, Хитой навлари экилган майдон атрофига маккажўхори ёки кунгабоқар экишни алоҳида ташкил этинг;

тўртинчидан, 20-25 апрелгача ғўза қатор орасини чуқур (60 см кенгликда экилган далада 25-30 см, қолган майдонларда 35-40 см чуқурликда) чизел қилинг;

бешинчидан, ғўза ниҳоллари тўлиқ униб чиққан майдонларда тупроқ механик таркиби енгил майдонлар (қум ерлар) да 200-220 минг туп/га, механик таркиби ўрта (воплон) ерларда 140-160 минг туп/га, механик таркиби оғир (суға) ерларда 120-130 минг туп/га, Хитой технологиясида қолдиришингизни, ягоналашни ғўза 1-2 чинбарг чиқаргунга қадар якунланг;

олтинчидан, ғўза 2-3 чинбарг чиқарганда органик биопрепаратлар, кимёвий моддалар (гумин, гумимах, НВК, ифо, ПЗН, Биодукс ва ҳоказо) биологик стимуляторлар билан қўшимча ишлов беринг, ғўзанинг эрта пишиб етилиши ҳамда пахтадан 50 центнер ҳосил олишга эришинг;

еттинчидан, пахта даласига зараркунандалар кириб келмаслиги учун дала четларига олтинкўз биомаҳсулотларини 1000 дона/га меъёрида тарқатиш, бегона ўтлардан тозалаш, олтингугурт ва ИСО қайнатмалар билан ишлов беришни 3-5 кунда якунланг;

саккизинчидан, ғаллангизни баҳорги озиқлантиришни 5 кунда якунлаб – 200 кг/га аммиакли селитра сепишни унутманг;

тўққизинчидан, 10 кунда камида 3 марта баргидан озиқлантиринг (суспензия сепиш) ҳамда 1 м2 майдонга 2-3 дона хасва имогаси аниқланган майдонларни дала четига қаратиб кимёвий ишлов беринг;

ўнинчидан, ғалла комбайнини, ташиш техникаларини мавсумга тайёрланг;

ўн биринчидан, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари пахтачилик ва ғаллачилик кластер корхоналари билан ҳамкорликда ишларни янада жадаллаштириб, юқоридаги тадбирларни амалга ошириб, бу йил пахта ҳосилини 50 центнер ҳамда ғалладан 80 центнер ҳосил олиб, юқори даромад олишга эришинг ҳамда Президентимиз қароридаги белгиланган имтиёзлардан фойдаланг.

Ҳурматли кластер корхоналари раҳбарлари!

Сизларнинг эътирофга арзигулик даражадаги бизнес режаларингиз асосида, бир неча йиллар фақат хомашё сифатида сотилган толаларимиз, бугунги кунда қайта ишланиб, тайёр маҳсулот бўлиб миллий иқтисодиётимиз ўсишига ва экспорт салоҳиятимиз мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, Сизларнинг режаларингизнинг муҳим омили етиштирилган ҳосилнинг ўз вақтида, сифатли йиғиб олинишга боғлиқдир.

Шунинг учун қуйидаги тадбирларни оғишмай амалга оширинг:

биринчидан, чигит экишни 2-3 кун муддатда якунлаш учун фермерларга керакли техника ва моддий ресурсларни ўз вақтида етказилишида кўмаклашинг;

иккинчидан, пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш учун қўшимча минерал ўғит ва бошқа ресурсларни ғамланг;

учинчидан, ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик кўриб, фермерлар етиштирган ғаллани сифатли сақлаш учун шарт шароитлар яратинг.

Ҳурматли фермер ва деҳқонлар!

Барчангизни мавжуд имкониятларни ишга солиб, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда сифатли экиш ва юқори даромад олишга чақирамиз.

Барчангизни мазкур эзгу ишда иштирок этишга чорлаб, иқтисодиётимизни юксалтиришга, она юртимиз янада обод бўлиши учун муносиб ҳиссангизни қўшишга ҳамда Долзарб бир ой мобайнида қишлоқ хўжалиги экинларини ўз муддатларида экишга ҳамда юқори ҳосил олишга даъват этамиз!

Самарқанд вилоят фермерлари кенгаши Раёсат аъзолари.