Пайариқ тумани ҳокимлигининг фуқаро томонидан ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонини фермер хўжалиги ҳисобига қайтариш тўғрисидаги даъвоси рад этилди
Пайариқ туманидаги Мирзо Улуғбек маҳалласи ҳудудидаги ноқонуний қурилишларни бартараф этиш бўйича ўтказилган мониторинг натижасида жавобгар Ш.Рузиқулова томонидан “Бердиев Иномжон Замини” фермер хўжалигининг фойдаланишида бўлган қишлоқ хўжалик харитасининг 55-контуридаги суғориладиган ер майдонидан ўзбошимчалик билан тегишли тартибда ажратилмаган ер майдонидан уй-жой қуриб, умумий 0,06 гектар ер майдонини эгаллаб олганлиги аниқланган.
Шунга кўра, даъвогар Пайариқ тумани ҳокимлиги жавобгар Ш.Рузиқуловага нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, ноқонуний эгалланган ер майдонида қурилган қурилишларни буздириш ҳамда 0,06 гектар ер майдонини фермер хўжалиги ҳисобига қайтаришни сўраган.
Суд иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда даъвогар ноқонуний қурилишни бузиб ер майдонини фермер хўжалигига қайтаришни сўраётган бўлса-да, туман ҳокимининг қарорига асосан низоли ер майдони ва қурилишларга нисбатан жавобгарнинг мулк ҳуқуқи белгиланганлигини, мазкур ҳолатда даъво талаби асоссиз эканлигини инобатга олиб, даъвони рад этишни лозим топди.
Аниқланишича, туман ҳокимлиги, архитектура ва қурилиш бўлими, ер ресурслари ва кадастр бўлими ходимлари томонидан Мирзо Улуғбек маҳалласи ҳудудида жойлашган “Бердиев Иномжон Замини” фермер хўжалигининг ер майдонларини ўрганиш жараёнида 55-контурдаги суғориладиган 0,06 гектар ер майдони Ш.Рузиқулова томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уй-жой қурилганлиги ҳақида далолатнома тузилган.
Бироқ Пайариқ тумани ҳокимининг 2019 йил 27 апрелдаги қарори билан Мирзо Улуғбек маҳалласида жойлашган 555,96 м2 ер майдонидаги уй-жойларга нисбатан Ш.Рузиқулованинг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 72-моддасига кўра, ҳар бир тараф ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларни исботлаши шарт.
Б.ХУДАЙБЕРГАНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро суди судьяси.