Пайариқдаги “метан заправка”ларда асоссиз оширилган нархлар туширилди

Пайариқлик ҳайдовчилар тумандаги автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шахобчалари (АСГТШ)да нарх асоссиз равишда ошириб юборилганлиги ҳамда бошқа туманлардагига қараганда қимматлигидан норози бўлиб Самарқанд вилояти рақобат бошқармасига мурожаат йўллади.

Мурожаат асосида Пайариқ ва унга қўшни туманлардаги “метан заправка”ларда сиқилган газ нархи юзасидан истеъмолчилар ўртасида мониторинг ва сўровнома ўтказилди. Сўровнома натижасида жорий йилнинг 5 январидан бошлаб Пайариқдаги мавжуд 12 та АСГТШдан 11 тасида истемолчиларга (1 м3) сиқилган газ маҳсулоти ўртача нархи 300 сўмга оширилиб, 5300-5400 сўмдан  сотилаётганлиги, бошқа туманларда эса ушбу даврда нархлар 5000-5100 сўм эканлиги аниқланди.

Шунга асосан, Пайариқ туманидаги 8 та тадбиркорлик субъектига тегишли 11 та “метан заправка”да ўтказилган текширишларда мазкур субъектлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни 19-моддаси талаблари бузилганлиги кузатилди. Мазкур ҳолатлар бўйича ҳудудий бошқарма томонидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, шохобчалар эгаларига кўрсатма берилди ҳамда тегишли таъсир чоралари кўрилиши таъминланди.