Абу Лайс Самарқандий ким бўлган?

Бу зотнинг тўлиқ исми Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Абу Лайс ас-Самарқандий ал-Ҳанафийдир. Тафсир, фиқҳ усул (дин асослари), ақида, зуҳд бўйича кўплаб асарлар яратган буюк аллома Самарқанд шайхулисломи бўлган. У яшаган даврда юртимизда луғат, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари ривожланган. Мана шундай илмий муҳитда яшаб ижод қилган алломадан катта маънавий мерос қолган. Унинг "Баҳр ал-улум" ("Илмлар уммони"), "Уюн ал-масойил" ("Масалалар сарчашмаси"), "Танбеҳул-ғофилин" (“Ғофилларга танбеҳлар”), "Бўстон ал-орифин" ("Орифлар бўстони") каби асарлари бизгача етиб келган ва нашр қилинган.

Алломанинг туғилган йили сифатида муаррихлар ҳижрий 301-310-йиллар ораси ва 911-милодий йилни кўрсатишади. Ул зотнинг куняси (шажарани билдирадиган лақаби) Абу Лайс, яъни "Лайснинг отаси" дегани. "Лайс" луғатда шер, арcлон маъносини беради. У зотнинг Лайс деган фарзандлари бўлганми ёки "Абу Туроб" сингари мажозий лақабми, номаълум. Ҳар ҳолда куня экани аниқ. Ўз даврида куняси билан лақаби қўшиб айтилган. Масалан, "фақиҳ Абу Лайс айтди". Лақабларидан бири "ал-фақиҳ" бўлиб, бу лақаби билан у жаҳонга танилган. Аллома фиқҳ илмида юксак мартабага эришган, ўз замонасида унга тенг келадиган олим топилмасди. Фақиҳ сўзининг олдида араб тилидаги "ал" артикли қўшилиб, уни "ал-фақиҳ" деб аталиши ҳам шунга ишоратдир.

Абуллайснинг ўзи ҳам "ал-фақиҳ" лақабини яхши кўрарди. Чунки ривоятларга қараганда, "Танбеҳул ғофилин" китобини ёзган маҳалларида бир кеча у кишининг тушларига Набий соллаллоҳу алайҳи  васаллам кириб, ёзган китобларини тутқазиб: "Ё  фақиҳ! Китобингни ол!" дейдилар. Уйғонганларида китобларида Пайғамбаримизнинг муборак қўлларини, изларини кўрадилар. Шундан кейин "фақиҳ" деган номни севадилар ва у туфайли кўп баракотларга ноил бўладилар. Иккинчи унвонлари "Имомул-ҳуда". Бу лақаб билан яна бир буюк аллома Абу Мансур ал-Мотуридий ҳам аталган.

Абуллайснинг вафоти ҳақида ҳам муаррихлар турли саналарни кўрсатадилар. Довудий ўзининг "Табақот ал-Муфассирин" китобида 393-ҳижрий йилнинг жумод ал-охир ойининг сешанба 11-кечасида вафот этган, деган. "Жавоҳир ал-мўзиъа" асарида 373-сешанба кечасида, "Кашф аз-зунун" асарида 376, ёки 383, ёки 375-ҳижрий йилда вафот этган, дейилади. Араб мероси тарихида 373, ёки 375, ёки 393-ҳижрий йилда вафот этган, дейилган.

Яъни, аллома 985 ва 1003-милодий йиллар орасида вафот этган. Манбаларда унинг оиласи ҳақида хеч нарса ёзиб қолдирилмаган.

Туғилган жойи Самарқанддир. "Баҳр ал-улум" тафсирининг кириш қисмида у шаҳар ҳақида шундай дейилади: "Араблар уни Сирон ҳам дейдилар. Сафд водийсининг жанубида жойлашган бу жой иқлими яхши ва катта шаҳардир".

Бир шоир бу ер ҳақида шундай деган эди:

Инсонлар учун охиратда жаннат бордир,

Бу дунёнинг жаннати Самарқанддир.

Бу шаҳар толиби илмлар маскани бўлган. Бу ерга уламо-ю-фуқаҳолар, тасаввуф аҳллари сафар қилар эдилар. Шунинг учун бу ер бошқа юртлар ичида муҳим илмий ўрин эгаллаб турар эди. Чунки Абу Лайс Самарқандий қаторида у кишининг олимлардан бўлган шериклари ва дўстлари ҳам кўп эди.

Улардан:

- Ал-Ҳақим ас-Самарқандий.

- Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий.

- Исҳоқ ас-Самарқандий.

- Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн ал-Фазл ас-Самарқандий.

- Абу Наср ал-Иёз ас-Самарқандий.

- Муҳаммад ибн Усмон ас-Самарқандий.

- Муҳаммад ибн Абдулжалил ас-Самарқандий.

Калимуллоҳ МАҲМУДОВ,

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси.