Пайариқлик тарғиботчи биринчиликни эгаллади
Самарқанд шаҳрида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари ўртасида “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилган танловда Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими масъуллари, вилоят халқ таълими ходимларидан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан ҳар бир иштирокчининг ижодий ишлари, қобилияти баҳолаб борилди.
Танлов низомига кўра, тарғиботчиларнинг фаолияти акс этган мақола, чоп этилган китоблари, ўз мактабида ташкил этиб келаётган тўгарак ва клуб натижалари ҳамда қатнашган ижодий танлов ва лойиҳалари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Якуний натижага кўра, Пайариқ туманидаги 79-мактабнинг тарғиботчиси Тозагул Жуманова биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди.
Жомбой туманидаги 34-мактаб тарғиботчиси Шаҳло Қўзиева ҳамда Булунғур туманидаги 30-мактаб тарғиботчиси Санжар Тошбеков иккинчи ўринни банд қилди.
Самарқанд шаҳридаги 10-мактаб тарғиботчиси Фаридун Йўлдошев ҳамда Иштихон туманидаги 48-мактаб тарғиботчиси Мавлуда Рўзиева учинчи ўринга муносиб деб топилди.
Танловда ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларга совғалар, диплом ҳамда китоблар тўплами тақдим этилди.
Нодир ҚУДРАТОВ.