Поликлиникада карантинга амал қилинмоқда

Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 19-оилавий поликлиникада карантин даврида ҳам иш тўхтаб қолгани йўқ. Даҳбет шаҳарчасида жойлашган мазкур тиббиёт муассасасида 8 та шифокор, 26 та тиббиёт ҳамширалари аҳоли саломатлиги учун қайғуриб келишмоқда.

Поликлиниканинг патронаж ҳамширалари ўзларига биркитилган ҳудуддаги сурункали касаллиги бўлган беморлар, ногирон, кекса, ҳомиладор аёллар ҳамда ёш болалар ҳолидан телефон орқали мунтазам хабар олиб келишмоқда. Уйда карантинга олинганлар билан эса кунига икки марта эрталаб ва кечқурун алоқа воситалари орқали хабардор бўлинмоқда. Поликлиникага зарур бўлган ҳолда келган беморлар зарарсизлантирилган хонада тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли муолажалар қилинмоқда.

Оилавий поликлиникага кунига беш-олти нафар беморлар қон босими ошиши, юрак санчиши, қўл ва оёқ оғриқлар билан мурожаат қилади. Шу жумладан, айрим ота-оналар ўз фарзандларини шамоллаш ва бошқа енгил касалликлар билан оғриганда олиб келишади. Ҳозиргача ўткир юқумли касалликлари бўлган беморлар аниқлангани йўқ. Поликлиника қошида жойлашган тез тиббий ёрдам пунктига кунига 10-13 тага чақириқ бўлмоқда. 

- Муассасамизда тажрибали шифокор ва ҳамширалардан навбатчилик ташкил этилган бўлиб, келган беморларнинг қўлларини антисептик воситалар ёрдамида тозалаб, сўнгра ичкари киритишмоқда, - дейди оилавий поликлиника мудири Дилноза Ҳамроева. – Шунингдек, барча хоналар, тез тиббий ёрдам хоналари кунига икки марта дезинфекция қилинмоқда.

Оилавий поликлиниканинг Тўртайғир ҳудудий филиалига келувчи беморлар сони ҳам анча камайган. Беморлар чақириғига кўра, шифокорлар «тез ёрдам» машинасида бориб зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишмоқда. Оғир ҳолатдаги беморлар эса туман марказий шифохонасига етказиляпти.

- Юқумли касалликларга қарши эмлаш ишларини карантин ҳолатига ўтказмасдан илгари амалга оширган эдик, - дейди шифокор Гули Элмуродова. – Ҳозирда кўрсатма асосида фақат қизамиқ касаллигига қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунда ҳам карантин қоидасига қаттиқ амал қилган ҳолда болаларни алоҳида-алоҳида қабул қилиб, кунига 10 нафар чақалоқ эмланяпти.

Тиббиёт муассасаси бўлса-да, карантин қоидасига қатъий амал қилиш барчамиз зарур.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.