Полвон боболари изидан бораётган ёш курашчилар жам бўлди

Самарқанд туманидаги 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўсмирлар ўртасида эркин кураш бўйича “Самарқанд тумани прокурори кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.

Туман прокурори ташаббуси билан ташкил этилган спорт тадбирида 12 вазн тоифасида 280 нафардан ортиқ ёш спортчилар беллашди.
Мусобақа аввалида туман ҳокими С.Усмонов, туман прокурори Ғ.Абдураҳмонов спортнинг эркин кураш тури кенг оммалашгани, туманда спортчи ёшлар учун етарли шарт-шароитлар яратилаётганига алоҳида тўхталиб ўтди. Яратилаётган имкониятлар натижасида спортчи ёшлар сафи кенгаётгани, улар орасида нафақат туман, вилоят, балки республика ва халқаро майдонларда юқори натижаларга эришаётган номдор спортчилар сони ортиб бораётгани эътироф этилди.
Шунингдек, тадбир давомида мусобақа ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида спортнинг кураш турини янада ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни саралаш, ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилгани айтиб ўтилди.
Беллашувда энг кучли бўлган ғолиб спортчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.