Порахўрлик инқирозга олиб боради

Коррупция мураккаб ижтимоий-иқтисодий-сиёсий ҳодиса бўлиб, жамият тараққиётининг муҳим омиллари бўлмиш тинчлик, осойишталик, адолат ва қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларни буткул йўқ қилади, миллий хавфсизликка таҳдид солиб, мамлакат ривожига тўсиқ бўлади. Бирор-бир соҳада коррупцияга йўл қўйилар экан, бу ҳолат ўша соҳани таназулга учрашига сабаб бўлиши билан бирга, бутун мамлакатнинг обрўйига салбий таъсир кўрсатади. Агарда, бу иллатга кичкинагина бўлсада туйнук очилар экан, ҳеч муболағасиз ўша давлат ёки соҳа инқирозга учраши эҳтимолдан холи эмас, демоқчиман.
Шу боис, биз коррупцияни энг хавфли иллат сифатида қарашимиз, ундан ҳазар қилишимиз, батамом қутулишга урунишимиз шарт ва лозим. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак” деган ҳақли эътирофни билдирган эди. Шу нуқтаи-назардан давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган миллий кенгаш йиғилишида берган топшириқларидан келиб чиқиб ўзимнинг фикр-мулоҳазаларимни муштарийларга етказишни мақсадга мувофиқ деб топдим.
Янги Ўзбекистонда юртдошларимизнинг эркин ва фаровон яшаши учун кенг кўламли ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётган бир вақтда, давлатнинг нуфузли идораларида фаолият кўрсатаётган айрим мансабдор шахсларнинг пора олди-бердисига алоқадорликда жиноят устида қўлга олинаётганлиги ачинарли ҳолдир. Аслида бундай жирканч ишга қўл ураётган шахслар давлат томонидан моддий жиҳатдан етарлича таъминланган бўлади. Бироқ, назари оч кимсалар ўз меҳнати эвазига топиладиган ҳалол маблағ билан оиласи даромадларини ошириш, хавотирсиз яшаш ўрнига ҳаром луқмага кўз тикиб, қайсидир қинғир иши эвазига пора олиши оддий меҳнаткаш халқимизнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлишини эсдан чиқармаслик керак.
Наҳотки, қонун билан белгиланган ваколатларини суистеъмол қилиш, олаётган маошига қаноат қилмасдан таъмагирлик йўлига ўтиш, эгаллаб турган мансабига хилоф иш тутиб пасткашликка бориш, нафсига қул бўлиб шарманда бўлиш керак бу шахсларга?! Оқибатда оила аъзолари, жондан азиз фарзандларининг луқмасига ҳаром аралаштириб, қилган қилмиши туфайли бирида бўлмаса бирида қўлга тушиб, яқинлари ҳамда маҳалла-кўйни хижолатда қолдиришини кўз олдига келтирмасмикан?!
Яратганнинг инояти билан тўқсон ёшга етиб, жуда кўп алғов-далғов даврларни бошидан ўтказган инсон сифатида, ўз тажрибаларимга таяниб бир фикрни билдирмоқчиман. Ўткан асрнинг ўрталарида қимматчилик, қаҳатчилик, йўқчилик, очлик ва хорликларни бошимдан ўтказдим. Ўшанда ҳам, мен сингари оғир аҳволда бўлган бўлишига қарамай, ҳеч ким бировни ҳаққига хиёнат қилмади, фирибгарлик, товламачилик йўли билан даромад топмади. Мабодо, кимгадир, қайсидир масалада ёрдам қилишган бўлса, бу ҳам фақатгина савоб учун беғараз амалга оширилган. Бинобарин, азалдан ҳам ноқонуний йўл билан даромад орттириш қораланиб келинган.
Ҳозиргидек фаровон замонда товламачилик, фирибгарлик, порахўрлик иллатларининг учраб турганлигини эшитиб ҳайрон қоласан. Наҳотки, “Ҳамма илм олишга интилган тўкин-сочинли замонда шунчалар ҳам маърифати, маънавияти паст, ожиз кишилар бор бўлса орамизда” дея ёқа ушлайсан, киши! Мана шундай нопок ишларни содир этиб, яқинлари ва фарзандларининг дийдоридан маҳрум бўлиб тегишли жойларда жазо ўтаётган шахсларнинг аянчли аҳволидан воқиф бўлса ҳам, ундан сабоқ чиқармасдан, ўз нафсига эрк бераётганлар борлигига юрт оқсоқолларидан бири сифатида жуда ачинаман, ахир!
Шу ўринда, корруция иллатига қарши курашишнинг айрим ижтимоий-ҳуқуқий омиллари ҳақида жамоатчиликка ўзимнинг фикр ва мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.
Жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида иштирок этган Президентимиз Ш.Мирзиёев коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини, коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланишини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари назарда тутган “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш бу барча давлат тузилмалари фаолиятида коррупцияга қарши қаратилган етарли ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш, мавжудларини эса замон талаблари асосида такомиллаштириш ва унга қатъий риоя қилиш орқали унинг олдини олишни, унга қарши самарали курашишни англатади.
Коррупция давлат бошқарувига, фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончига ва инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун, давлат органлари фаолиятини самарали амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.
Коррупцияга қарши курашиш давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг маънавий қиёфаси, яъни таълими, тарбияси, ҳалоллиги, виждонлилигига боғлиқ. Шунга кўра, давлат хизматига мазкур талабларга жавоб берадиган ҳалол ва пок кадрларни танлаш ушбу органлар раҳбарларининг зиммасидаги биринчи навбатдаги вазифа ҳисобланади.
Аҳолининг давлат ҳокимияти органлари ходимларига бўлган ишончи нафақат уларнинг малакаси ва меҳнатеварлигига, балки ҳалоллиги ва поклигига, яъни юксак маънавиятли бўлишига бевосита боғлиқдир. Давлат хизматчиси нафақат “яхши ходим”, балки “яхши инсон” ҳам бўлиши керак. Жамият мансабдор шахсларга оддий фуқароларга нисбатан анча юқори маънавий-ахлоқий талаблар қўяди;
Мансабдор шахснинг ҳалоллиги ўз вазифаларини виждонан бажаришида, ростгўйлигида, номақбул ҳаракатлардан ўзини тийишида ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлишида намоён бўлади. Ҳар қандай шароитда ҳалолликка асосланиб яшайдиган мансабдор шахс журъатли ва қатъиятли бўла олади. Буюк француз файласуфи Вольтернинг ”Ҳалол одамни таъқиб қилиш мумкин, аммо уни бадном қилиб бўлмайди” деган сўзларини фикримизнинг исботи сифатида қараш мумкин.
Ҳар қандай шахс у ким бўлишидан қатъий-назар ўз оила аъзоларини фақат қонуний ва ҳалол даромадлар эвазига яшашга ўргатиш мажбуриятига эгадир. Агарда кимда-ким фарзандларни ҳаром луқма ҳисобига боқаётган бўлса бу заҳар бериш билан баробарлигини ва оқибатда муқаррар равишда кулфатга гирифтор бўлиши мумкинлигини идрок қилиши даркор. Зеро, Абдулқосим Замахшарий айтганидек: “Ҳалол-покиза киши доимо хотиржаму тинчликдадир, бировга хиёнату ёмонлик қиладиган киши эса ҳалокатга гирифтордир”.
Касбим судьялик бўлганлигидан келиб чиқиб, порахўрлик жинояти иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларини тўғри ҳуқуқий баҳолаш ҳақида ҳам алоҳида тўхталмоқчиман.
Дейлик, пора берувчи ва пора олувчи муайян моддий қийматдаги пора предметига келишишди, аммо ўша келишилган нарса ҳали берилган ва олинган эмас. Уларнинг бу қилмишлари фош бўлиб қолганда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси талабига кўра жиноят содир этишга суиқасд қилиш сифатида пора бермоқчи бўлган шахсни Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 211-моддаси билан, яъни пора беришга суиқасд қилиш жиноятини содир қилганликда, пора олмоқчи бўлган шахсни эса, Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 210-моддаси билан, яъни пора олишга суиқасд қилиш жиноятини содир қилганликда айбдор деб топиб, жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Бироқ, бази ҳолларда пора берувчи шахс келгусида порани қайтариб олишни кўзлаб ёки пора беришдан кўзлаган ниятига эришиш бинобарида жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсади билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган бўлиши мумкин. Айни ҳолатда, унинг бу хатти-ҳаракатларига ҳам лозим даражада ҳуқуқий баҳо берилиши керак, албатта.
Қилмишни квалификация қилишда, пора берувчи томонидан берилиши лозим бўлган пора миқдори эътиборга олиниб, пора предметининг келиб чиқиш манбалари ҳам атрофлича текширилиши, унинг меҳнатсиз даромадлар ҳисобидан орттирилганлиги аниқланган тақдирда, ўша аниқланган сумма ёки мулк давлат фойдасига мусодара қилиниши лозим.
Шунингдек, баъзи ҳолатларда суд амалиётида пора берувчи ёки пора беришга қизиқтирувчи ёхуд пора олиш-беришда воситалик қилган шахсларнинг хатти-ҳаракатларига етарлича ҳуқуқий баҳо берилмаслигини кузатишимиз мумкин. Натижада, бу турдаги жиноятлар янгича кўринишда намоён бўлади. Ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси талаблари доирасида квалификация қилиниши ва пора предмети эса давлат фойдасига мусодара қилиниши лозим.
Яна бошқа бир ҳолат. Айтайлик, пора берувчининг талаби бажарилмади ёки тўлиқ бажарилмади. Бундай ҳолатда, агарда пора берган шахс ўттиз сутка ичида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга арз қилса, унинг жавобгарликдан озод этилиши қонунчиликда кўрсатилган. Назаримда қонунчиликдаги ушбу қоидани ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Чунки, муайян шахс порани бериб қўйиб, кейин қайсидир фикрда, ўз манфаати учун қонуннинг шу имкониятидан фойдаланиши ҳам мумкин. Шунинг учун пора берувчилар ҳам қонундан қўрқиб, унга тўла итоат этишлари лозим бўлади.
Сўзимнинг ниҳоясида сиз – ҳурматли муштарийларга юзланмоқчиман. Келинглар азизлар, Янги Ўзбекистонимизнинг равнақини дунё аҳли юксак эҳтиром билан эътироф этаётган бир пайтда, унинг нуфузига путур етказувчи ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан биргаликда самарали таъсир чораларини кўрайлик.
Убайдулла МИНГБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси