Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Порталга ёзаман!”. “Халқ қабулхонасига устингдан арз қиламан!”

Гоҳида ҳазил, гоҳида зарда билан айтилган бундай гаплар аслида давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар нечоғлик самара бераётганини кўрсатиб турибди.

Чунки узоқмас, 5-10 йилнинг нари-берисида дардингни Худога айтишдан бошқа илож йўқ эди. Сабаби, бирор муаммони қайси бир идорага айтманг, “кўриб чиқамиз”дан нарига ўтилмасди. Айни шу сабабли давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жойларда бевосита Президент Администрациясига бўйсунувчи мустақил институт – Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Мурожаатлар йил сайин ортмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг олти ойида юридик ва жисмоний шахсларнинг 13 минг 486 та мурожаати қабул қилинган. Яъни, мурожаатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 минг 447 тага кўпайган.

- Мурожаатларнинг 1652 таси юзасидан Халқ қабулхонаси ходимлари томонидан тегишли тартибда ҳуқуқий маслаҳатлар берилган, - дейди вилоят Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев. - 12 минг 244 таси эса мутасадди ташкилотларга юборилган.

Кўриб чиқиш натижалари бўйича 8 минг 274 та (59 фоиз) мурожаат қаноатлантирилган. Яъни, кўтарилган 3 минг 911 та масала ижобий ечимини топган бўлса, 4 минг 378 та мурожаат ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал қилинган.

Ўз навбатида, мурожаатларнинг 160 таси рад этилиб, 4011 таси бўйича тушунтириш берилган, 61 таси кўрмасдан қолдирилган.

Энг кўп мурожаат қайси соҳада?

Қайд этилишича, мурожаатларнинг аксарияти газ, электр ва сув таъминоти бўйича келиб тушмоқда. Жорий йилнинг дастлабки ярмида Халқ қабулхоналарига коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларига оид 1434 та мурожаат бўлган.

Моддий ёрдам олиш бўйича 1197 та, бандлик масаласида 1165 та, уй-жой ва ер билан таъминлаш тўғрисида 777 та, пенсия ва нафақа тайинлашга оид 710 та, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 630 та мурожаат ижрога қаратилган. Бундан ташқари, алимент пулларини ундириш сўралган 963 та мурожаат қайд қилинган.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими бўйича ўтказилган йиғилишда Президентимиз қайд этганидек, одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида, тўлиқ ҳокимлик кучи билан ҳал қилиш мумкин.